Ўзбекистон | 16:12 / 16.11.2018
10402
2 дақиқада ўқилади

Сооронбай Жээнбеков: «Биз Ўзбекистон билан муносабатларни қадрлаймиз»

Қирғизистон Республикасида амалий ташриф билан бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери Нурдинжон Исмоилов Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Сооронбай Жээнбеков Нурдинжон Исмоиловни қутлар экан, бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги стратегик ҳамкорлик даражасига чиққанини қайд этиб ўтди. 

“Биз Ўзбекистон билан муносабатларни қадрлаймиз ва юқори баҳолаймиз, қардош қирғиз-ўзбек дўстона ва яхши қўшничилик алоқалари жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қирғиз-ўзбек ҳамкорлигининг самарали ривожланишидаги сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари туфайли бизнинг муносабатларимиз янги, янада сифатли босқичга кўтарилди. Менинг Ўзбекистонга расмий ташрифим чоғида барча масалалар ўз ечимини топди. Биз буни юқори баҳолаймиз”, — дея таъкидлади Сооронбай Жээнбеков.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Бундан ташқари, президент Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини кенг нишонлаётгани муносабати билан миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси cпикери Нурдинжон Исмоилов самимий қабул учун президент Сооронбай Жээнбековга миннатдорлик билдирди.

Нурдинжон Исмоилов Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбековнинг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий табрик ва қутловларини етказди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурдинжон Исмоилов Достонбек Жумабеков билан учрашгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид