09:13 / 17.11.2018
12046

Журналистга қўнғироқ. Саудиянинг АҚШдаги элчиси баёнот берди

Фото: AP

Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг акаси Холид бин Салмон ўлдирилган мухолиф журналист Жамол Қошиқчи билан телефон орқали ҳеч қачон гаплашмаганини маълум қилди. Бу ҳақда у твиттердаги саҳифасида хабар берган.

Аввалроқ, The Washington Post газетаси МРБ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон саудиялик мухолиф журналист Жамол Қошиқчини ўлдириш ҳақида буйруқ берганини аниқлагани ҳақида хабар тарқатганди. 

Нашр маълумотларига кўра, Марказий разведка бошқармаси Холид бин Салмоннинг Қошиқчи билан телефон орқали мулоқотини тутиб олган. Холид журналистга никоҳ қуриш учун Истанбулдаги Саудия элчихонасига бориш ва тегишли ҳужжатларни олиш кераклигини айтган. Шу билан бирга, у Қошиқчини ташриф хавфсиз ўтишига ишонтирган.

Элчининг сўзларига кўра, уларнинг Қошиқчи билан сўнгги алоқаси 2017 йил 26 октябрда бўлиб ўтган ва матнли хабарлар орқали амалга оширилган.

«Мен у билан телефонда ҳеч қачон гаплашмаганман, унга Туркияга қандайдир сабаб билан боришни таклиф ҳам қилмаганман», - деб ёзган Холид бин Салмон.

Шунингдек, дипломат АҚШ ҳукуматига газета айбловларини тасдиқлайдиган маълумотларни эълон қилиш талабини қўйди.

Саудия ҳукуматини танқид қилган Қошиқчи The Washington Post учун мақолалар ёзган. Октябрь ойи бошида нашр журналист Саудия Арабистонининг Истанбулдаги элчихонасига ташриф буюрганидан сўнг йўқолиб қолгани ҳақида маълум қилди. Турк томони суриштирувига кўра, журналист консулхона биносида ўлдирилган. Кейинчалик, Саудия ОАВ бош прокурорнинг Қошиқчи консуллик ходимлари билан жанжаллашиш пайтида вафот этгани ҳақидаги баёнотини тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Туркия ва Саудия Арабистонини яраштириб қўйиш йўлини топгани хабар берилганди.

Мавзу
Жамол Қошиқчининг ўлими
The Washington Post нашри учун ишлайдиган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетгач, изсиз йўқолди
Барчаси
Top