16:08 / 21.11.2018
14799

ОТМК республика бўйича атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи энг йирик корхона ​

Фото: agmk.uz

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра, турғун ифлослантирувчи ташламалар манбалари орасида нефт-газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи корхоналар биринчи ўринни эгаллаб, умумий саноат ташламаларининг 46 фоизидан ортиғи унинг улушига тўғри келади. Булар асосан (44 фоиз)​ углеводородлар бўлиб, иккинчи ўринда электроэнергетика (20,7 фоиз)​ соҳасига тўғри келади.

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «​СовПлим»​ қўшма корхонаси билан ҳамкорликда «​Атмосфера ҳавосига саноат корхоналаридан ташланаётган ифлослантирувчи моддалардан тозалашнинг илғор тизимлари»​ мавзусида семинар ўтказишди.

Маълум қилинишича, атмосфера ҳавосига турғун манбалардан ташланадиган барча ифлослантирувчи ташламаларнинг 17 фоизи металлургия саноатига тўғри келиб, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати республика бўйича атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи (15,3 фоиз)​ энг йирик корхона ҳисобланади.

Семинарда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Ҳавонинг катта масофаларга трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги Конвенцияга қўшилиши жараёнларини жадаллаштиришнинг, ўз навбатида мазкур БМТ комиссиясига аъзо мамлакатлар минтақасида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ишларида Ўзбекистон Республикасининг фаол иштирокининг муҳимлиги тўғрисида таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга муаммоли масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди, хусусан, Ўзбекистонда қарийб 5 минг дона чанг-газ ушлаб қолувчи қурилмаларнинг ишдан чиққанлиги, уларнинг замонавий талабларга жавоб бермаслиги сабабли паст самара (69,4 фоиз) ​билан ишлаб келиши айтилди. Ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг турғун манбалари эскирган усуллар ёрдамида назорат қилинади. Таъкидланишича, назорат иши асосан намуналарни олиш ва таҳлил қилишдан иборат. 

Бундан ташқари, ифлослантирувчи моддалар ташламалари манбаларида технологик жараёнларни назорат қилиш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш имконини берувчи автоматлаштирилган назорат тизими суст жорий этилмоқда.

Юқорида баён этилган соҳадаги айрим масалаларни ҳал этишда қўшма корхоналар таклиф этаётган ечимларни кўриб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Негаки, ишлаб чиқарувчи корхоналар вентеляция, ҳавони тозалаш, аспирация ва чангларни йўқотиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда уни назорат қилиш тизимлари учун илғор технологияларни тақдим этиши мумкин.

Top