14:01 / 21.11.2018
10217

Россия эпидемияга қарши лабораторияни Ўзбекистонга топширди

Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова эпидемияга қарши мобил лабораторияларни Қирғизистон, Мўғулистон, Ўзбекистон ва Гвинея давлатларига топширди. 20 ноябрь куни Саратовда бошланган «МДҲга аъзо давлатларда санитария-эпидемиология даражасини таъминлаш» Давлатлараро илмий-амалий конференциясида лабораториялар калитларини топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда ТАСС.

«Ўтган уч йил мобайнида 12та мобил лаборатория МДҲ давлатларига топширилди», - деди Попова. Унинг таъкидлашича, иш, жумладан, ўлат ўчоқларида олиб борилмоқда.

Ноёб мобил эпидемиологик комплекслар дунёда биологик хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан бошқа аналогларга эга эмас. Лаборатория олти комплексдан иборат бўлиб, сайёранинг исталган қисмига бир кун ичида етказиб берилиши мумкин. Комплекс хавфли инфекциялар ва биологик моддалар, озиқ-овқат, ҳаво ҳамда сувда ифлослантирувчи моддаларни бир суткада 500дан 3 минггача намунада текшириши мумкин. 35 нафар ходимнинг ишлаши назарда тутилган.

20-21 ноябрь кунлари Саратовда «МДҲ давлатларида санитария-эпидемиология даражасини таъминлаш» Давлатлараро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтмоқда. Анжуманда 13 давлатдан 500дан ортиқ киши иштирок этяпти.

Top