Жаҳон | 11:40 / 22.11.2018
62555
1 дақиқада ўқилади

Эриб бораётган Антарктида остида сирли ҳудуд аниқланди

Фото: Pauline Askin / Reuters

Халқаро олимлар гуруҳининг аниқлашича, Шарқий Антарктида остида геотермал энергия манбаси бор, у муз қатлами эришига ҳисса қўшиши мумкин. Иссиқлик келишининг сабаби ҳозирча номаълум. Бу ҳақида Science Alert нашри хабар бермоқда.

Уч километрлик муз қатлами остида кечаётган жараёнларни аниқлашга имкон берган радиолокацион зондлаш натижаларининг кўрсатишича, бу ердаги муз пастдан тепага қараб эримоқда, эриган сув муз остидаги кўлларга бориб тушмоқда. Эриш жараёни минглаб ёки миллионлаб йиллар мобайнида давом этиши мумкин, у муз қатлами йўқолишига таъсир қилмайди. Бироқ, келажакда бу жараён минтақани глобал исиш таъсирларига нисбатан сезгирроқ қилиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, иссиқлик манбалари радиоактив жинслар ва ер қобиғи тубидан чиқаётган иссиқ сув ҳисобланади. Аммо, бу ҳодиса аниқ сабабини аниқлаш учун қўшимча тадқиқотлар керак. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антарктидада тушунарсиз ҳодиса кузатилганди.

Мавзуга оид