Спорт | 17:39 / 23.11.2018
20375
16 дақиқада ўқилади

«Атлетико» «Барселона»га қарши, Англияда Лондон дербиси. Ҳафта ўйинлари анонси

Европа ички чемпионатлари мухлислари учун хушхабар. Энди то келаси йилнинг мартигача ҳеч қандай танаффус бўлмайди ва энди қанақадир тушунарсиз Миллатлар Лигаси ёки ўртоқлик ўйинлари ўрнига, тўрт ойдан ортиқ вақт мобайнида, узлуксиз равишда клублар футболидан баҳра оламиз.

Марафон ёмон бошланмаяпти - «Атлетико» «Барселона»ни енгишга яна бир уриниб кўради. Бу уикендда шунингдек Лондон дербиси, Италияда эса, нолинчи йиллар бошидаги икки топ-клуб эски ўрнига қайтиш учун ўзаро тўқнашади. Мароқли дам олинг.

ЛИОН - СЕНТ-ЭТЬЕН (24 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Бугунги футбол мухлислари учун «Сент-Этьен» у қадар номдор кўринмаслиги мумкин, лекин ушбу жамоа Францияда энг кўп чемпион бўлган жамоа саналади - 10 марта. «Лион» эса, «ПСЖ» каби 7 марта бош совринни қўлга киритган.

Лига 1 чемпионатида чемпионлик масаласи ҳақида бирор шубҳага бориш ҳам бефойда. Париж клуби мавсум бошидан буён очко йўқотгани йўқ, аллақачон 13 очколик фарқ билан биринчи ўринда бормоқда. Аммо айнан бу ўйинга алоҳида эътибор қаратилишининг сабаби, биринчидан, ўйин жума куни, яъни Европа клублар футболини соғиниб, ҳар қандай ўйин бўлса ҳам кўравераман, деган мухлислар учун. Иккинчидан, жамоалар жадвалда ёнма-ён боришмоқда ва ҳар иккиси ҳам бу йил Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар учун асосий даъвогар бўлиб турибди.

«Лион» охирги олти ўйинда, «Сент-Этьен» эса, сўнгги 4 ўйинда мағлубият нималигини билмай келаётганини эътиборга олсак, танаффусгача жамоалар жуда яхши формада бўлган. Бу ҳолат ҳозир ҳам сақланиб қолинганми, ушбу ўйин бу саволга ҳам жавоб бериши аниқ.

Ўзаро ўйинларга келсак, ушбу стадионда «Сент-Этьен» анча дадил ҳаракат қилишини таъкидлаш керак. Лионда ўтган сўнгги 6 ўйиннинг атиги 2 тасида мезбонлар ғалаба қозонган, холос. Шу йилнинг февралида бўлиб ўтган баҳсда Дебюшининг 90-дақиқада урган голи ҳисобни тенглаштирган ва бевосита ўйинни кузатган 58 минг мухлис устидан совуқ сув қуйиб юборганди. Умуман, сўнгги йилларда «Лион» турнир жадвалида мунтазам равишда рақибидан юқорида турган бўлса-да, сўнгги 18 ўйиннинг ярмида «Сент-Этьен» очко олишнинг уддасидан чиққан.

«Лион»ни уч кун ўтиб, яна бир муҳим ўйин кутиб турибди. Чемпионлар Лигаси баҳсида «Манчестер Сити» меҳмон бўлади. Бу омил ҳам «Сент-Этьен» фойдасига хизмат қилиши мумкин.

УОТФОРД - ЛИВЕРПУЛЬ (24 ноябрь, 20:00)

Мавсумни қаторасига 4 ғалаба билан бошлаб, қайсидир паллада ҳатто турнир жадвалини бошқариб ҳам турган Хавьер Грасиа шогирдларида кейинги ойларда яхшигина пасайиш кузатилмоқда. Охирги саккиз ўйинда атиги икки ғалаба. Баъзилар эса, «Уотфорд»ни «янги Лестер» деб ҳам атай бошлаганди. Ростанам, жамоа таркибидаги баъзи тажрибали футболчилар, кўрсатилаётган ўйин сифати ҳатто «Лестер»дан ҳам кучлироқ салоҳиятни намойиш қилаётганди. Аммо бундай жамоалар учун одатий бўлган ҳолат - беқарорлик кўзга ташланмоқда. Манчестер клублари ва «Арсенал» ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмаган «Вулверҳэмптон» ўз майдонида ўртамиёна клубларга ютқазди. Хусусан, бир ҳафта олдин «Бормунт» бу жамоа майдонидан 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Эртага «Ливерпуль» қаршисида қандай жамоа саф тортади, ўйин бошланмагунча ҳатто Грасианинг ўзи ҳам билмаса керак.

Ўйин услуби борасида «Уотфорд» «Ливерпуль»га яхшигина қаршилик кўрсата оладигандек - юқори прессинг, тўпни назорат қилиш ва жуда хавфли стандарт вазиятлар Клопп жамоасига муаммо туғдириши мумкин бўлган жиҳатлардир. Аммо ўз навбатида, «Ливерпуль» ҳақиқатан ҳам чемпионча ўйнаётганини, айниқса, ёпиқ ва зерикарли ўйинларда ҳам кераклича тўп киритиб, очкосини олаётганини эътироф этиш қийин. Очиқ баҳсда эса, «Ливерпуль»га Европада ҳам тенг келадиган жамоалар кам.

Аниқ факторларга тўхталсак, «Ливерпуль»га халақит берадиган уч жиҳатни тилга олиш керак. Биринчиси, ўйин «Уотфорд» майдонида бўлиб ўтади. Жамоа АПЛга қайтганидан бери, бу ерда бўлиб ўтган уч ўйинда «Ливерпуль» атиги бир марта ғалаба қозонган, холос. Иккинчиси, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус - «Ливерпуль»нинг деярли бутун таркиби турли қитъаларга сочилиб, турли ўйинларда майдонга тушишган бўлса, «Уотфорд» сафидаги бирор футболчи ҳам терма жамоага жалб  қилинмади. Учинчиси, «Ливерпуль»ни кейинги ҳафтада «ПСЖ»га қарши ўта муҳим ўйин кутиб турибди. Белграддаги кутилмаган мағлубият туфайли, кейинги босқич вазифасини ўзи учун максимал равишда қийинлаштириб қўйган «Ливерпуль» Париждаги баҳс ҳақида ҳам қайғуриши керак бўлади.

Таркиблар борасида, меҳмонларда Жордан Ҳендерсоннинг қайтиши ҳали ҳам аниқ эмас, «Уотфорд»да эса Янмаат машғулотларни бошлади. Продл, Клеверли ва Қобул каби футболчилар ҳали ҳам жароҳатини даволамоқда.  

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - КРИСТАЛ ПЭЛАС (24 ноябрь, 20:00)

Албатта, «Манчестер Юнайтед» икки ой олдинги каби ўта мураккаб ҳолатда эмас, Жозе Моуриньонинг истеъфоси, Зидан ёки Конте ҳақидаги «хабарлар» ҳам камайди. Аммо сўнгги ўйинлар фақат жамоадаги муҳит ижобий томонга ўзгарганини кўрсатади холос - «Борнмут» ва «Ювентус»га қарши ўйинларда иродали ғалабалар қўлга киритилган бўлса-да, бу ўйинлар мутлақо бошқача якунланиши ҳам мумкин эди. Жамоада ўйинни ташкил қилиш борасида муаммолар ҳали ечилмагандек. Тўғри, «Манчестер Сити»га қарши «Этиҳад»да ташкилий ўйин кўрсатишнинг ўзи иложсиз, демак, «Кристал Пэлас» «Юнайтед»нинг айнан позицион ўйин борасидаги ўзгаришларини намойиш этиб бериши мумкин. Агар «Олд Траффорд»даги сўнгги ўйин - «Эвертон»га қарши бўлгани каби салоҳият яна намойиш этилса, бемалол, «Юнайтед»ни ҳали ҳисобдан чиқармай туриш кераклигини ҳақида хулоса берсак бўлади.

Айтиш мумкинки, бу сафарги танаффус «Манчестер Юнайтед»ни у қадар қийнаб қўймади, аксинча, ёрдам берди. Икки ҳафта олдин кичик жароҳат олган Погба, Марсиял, Лукаку, Феллайни каби футболчилар терма жамоалардан четда қолишди ва ўйингача тикланиб улгуришди ҳам. Матич ҳам дам олди, Далот тикланди, хуллас, танаффус жамоа таркибини янада тўлиқроқ ҳолатга келишида қўл келди.

Рақиб - «Кристал Пэлас». Бу афиша беихтиёр Эрик Кантона даврига қайтаради. Франциялик ҳужумчи рақиб мухлисларидан бирига «каратэ» усулида сакраб қолганини ҳамма кўрган. Ўша жабрланувчи айнан «Кристал Пэлас»га мухлислик қиларди. Лондонликларнинг «МЮ»га қарши статистикаси у қадар яхши эмас, бугунги АПЛ жамоалари ичида сўнгги йилларда энг қулай рақиб деса ҳам бўлади - 12 ўйинда атиги 1 ғалаба ва 1 дуранг. Аммо «бургутлар» доимо рақибга етарлича қаршилик кўрсатиб келишган. Масалан, икки йил олдинги кубок финалини эслаш мумкин. Ўшанда «МЮ» бир киши кам бўлиб қолиб, фақат қўшимча вақтлардагина ғалаба голини урганди.

Яна кичик интригалар ҳам бор. Масалан, Уилфрид Заа ўзи тарбия топган стадионда яна бир бор меҳмон бўлади. Ёки Феллайнининг соч турмаги. Бельгиялик ярим ҳимоячи ниҳоят ўзининг машҳур «савати»дан қутулди ва энди мухлисларга бошқача кўринишда намоён бўлади. Қизиғи, Марвон «Олд Траффорд»даги дебют ўйинини айнан «Кристал Пэлас»га қарши ўтказганди.

ТОТТЕНҲЭМ - ЧЕЛСИ (24 ноябрь, 22:30)

Ҳар қандай сценарий ва ҳар қандай якун топиши мумкин бўлган одатий Лондон дербиси. Масалан, ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда ҳам меҳмонлар ғалаба қозонишган. Ундан олдинги йили фақат мезбонлар, ундан ҳам олдин эса, иккала ўйин дуранг билан тугаган. Ҳа, орада «Челси» икки марта рақибини Англия кубогидан чиқариб ҳам юборган экан. Сўнгги 20 ўйиннинг атиги учтаси «Тоттенҳэм»нинг ғалабаси билан тугагани, гўёки «Челси»нинг яққол устунлигидан деб билинмасин, мана шу уч ғалаба сўнгги уч йилда қўлга киритилганига ҳам эътибор берилсин.

«Тоттенҳэм» топ-ўйинларда, хусусан, «Ливерпуль»га ҳам, «Манчестер Сити»га ҳам ўз майдонида мағлубиятга учраган бўлса-да, ўзига хос равишда, бошқа ўйинларда йўқотишларсиз бормоқда. Натижада, масофа у қадар узоқ эмас, Почеттино жамоасини Сарри жамоасидан атиги 1 очко ажратиб турибди, холос. Бу фарқ йўққа чиқиши учун «Челси»нинг мағлубиятсиз сериясига барҳам берилиши шарт бўлади.

Таркиблар борасида «Тоттенҳэм»нинг аҳволи анчагина оғир. Марказий ҳимоячилар Санчес ва Вертонген ҳали ҳам сафга қайтишгани йўқ. Ҳар икки қанотда ҳам етишмовчилик бор - Трипье ва Роуз катта эҳтимол билан бу ўйинни ҳам ўтказиб юборишади. Шунингдек, марказда Муса Дембеленинг ўрни билинса керак. Меҳмонлар таркибида Матео Ковачич мушаклардан жароҳат олган ва майдонга тушиши сўроқ остида.

Дарвоқе, кейинги ҳафтада «Тоттенҳэм»ни яна бир муҳим тўқнашув кутиб турибди. «Уэмбли»да «Интер»га қарши кечадиган ўйин ЕЧЛ кейинги босқичига чиқиш имкониятини сақлаб туриш учун ҳаёт ва мамот жангига айланади. 

АТЛЕТИКО - БАРСЕЛОНА (25 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Бу сафарги Ла Лига бироз бошқача ўтяпти. Баъзи паллаларда дунёнинг энг мукаммал футболини намойиш этаётгандек кўринган «Барселона» тез-тез муаммоларга ҳам учраяпти ва аллақачон 5 ўйинда очко йўқотиб улгурди. 12 ўйиннинг тенг ярмида ғалаба қозона олмаган «Атлетико» бошқа йилларда бўлганида, аллақачон пешқадамнинг «чангида қолиб кетган бўларди», ҳозир эса, орадаги фарқ 1 очкони ташкил қиляпти, холос. Ҳатто, тарихидаги энг ёмон стартлардан бирини амалга оширган «Реал» ҳам у қадар узоқда эмас, 4 очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Бу туришда ёки «Барселона» энди пайдо бўладиган қанақадир ўта барқарор рақобатчисини олдинга ўтказиб юборади, ёки ҳозирча тушунарсиз ротациялар бир кун Вальверденинг ғояларини майдонга кўчириб, жамоа ростан ҳам Европада тенгсизга айланади. Аммо ҳозирча, Видаль нега сотиб олинган, Дембеленинг ўрни қаерда, Артур қай даражада муҳим - бундай саволлар мавҳум қолмоқда.

«Атлетико» ҳамон ўша - 12 ўйинда атиги 8 гол ўтказилди. Дортмундда қабул қилинган шармандали мағлубиятга жамоа ўз вақтида реакция берди - сўнгги беш ўйинда тўрт ғалаба. Турнир жадвалида учинчи ўрин, бу ўйиндаги ғалаба мадридрикларни ҳатто 1-ўринга олиб чиқиши ҳам мумкин. Лекин...

Агар «Атлетико»нинг «Барселона» устидан Ла Лигадаги сўнгги ғалабасини эслашга ҳаракат қилсак... Айтиб бера қолай, мезбонлар сафида икки голдан бирини Диего Форлан урган. «Барселона»нинг ягона голини эса Златан Ибраҳимович Давид де Хеа дарвозасига киритган. У пайтларда Мессида атиги битта «Олтин тўп» бор эди, Гвардиола ҳали кетмаганди. Хуллас, 2010 йилнинг феврали. Шундан кейин «Атлетико» яна икки марта ғалаба қозонган бўлса-да, бу ғалабалар Чемпионлар Лигаси доирасидаги ўйинларда кузатилган, Испания чемпионатида эмас.

Меҳмонлар таркибида Иван Ракитич майдонга туша олмаслиги, Коутиньо эса, аксинча, сафга қайтиши мумкин. Мезбонларга танаффус қўл келди, Симеоне жамоаси таркибида катта қайтиш кутилмоқда. Жуда кўп етакчи футболчилар жароҳатларидан фориғ бўлиб, машғулотларга қайтишган. Коста, Годин, Коке, Лукас Эрнандес, Савич ва Лемар - буларнинг бари яна сафда, аммо қайси бири муҳим ўйинга бутунлай тайёр экани эртага аниқ бўлади.

ЛАЦИО - МИЛАН (25 ноябрь, 22:00)

«Милан» ҳали ҳам энг юқори ўринлар учун даъвогарлик қила олмаса-да, аста-секин пойдевор қилинмоқда. Буни биз натижалардаги барқарорликдан сезишимиз мумкин - «Интер» ёки «Ювентус» каби рақибларга қарши салоҳият етарли бўлмаса-да, кучсизроқ рақибларга қарши ўйинларда мунтазам равишда очко олинди. «Милан» А Сериядаги мана шундай ўткинчи ўйинларнинг бештасида қаторасига ғалабага эришди. Ва энди яна топ-рақиб.

Қизиғи, «Лацио»га ҳам худди шундай таъриф мос тушади, фақат римликлар анча йиллардан бери шундай жамоа бўлиб келмоқда. «Лацио» ушбу мавсумда 4 марта мағлубиятга учради - «Ювентус», «Интер», «Наполи» ва «Рома»дан. Қолган 8 ўйиннинг 7тасида римликлар ғалабага эришди. Демак, бу ўйинда «Милан» ҳам, «Лацио» ҳам балки мавсумдаги ўзининг илк жиддий ғалабасини қўлга киритиш имкониятига эга.

Турнир жадвалидаги ҳолат ҳам яқин. «Лацио» 22 очко билан 4-ўринда бўлса, «Милан» атиги бир очко кам жамғарган холос.

Агар жароҳатланган футболчилар ҳақида фикр юритиш лозим бўлса, «Милан»га ҳавас қилиш тугул, «Лацио» бироз хижолат ҳам тортиши керак. Романьоли, Калабрия, Боневентура, Чалхонўғли, Штринич, Биглия, Мусаккио, Калдара - буларнинг бари сафдан чиққан миланликлар ва энг ёмони, уларнинг ярмидан кўпи келаси йилгача жамоага ёрдам бера олмайди. Фақат Калабрия машғулотларга киришди ва балки майдонга тушиши мумкин. Икки фронтда жанг қилиш «Милан»ни мана шундай оғир шароитга тушириб қўйди. Римликлар таркибида йўқотиш нисбатан йўқ, фақат Сергей Милинкович-Савичнинг жамоа ўйинида муҳим аҳамият касб этишини эътиборга олсак, бу ҳам жиддий муаммо.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

24 ноябрь. «Эйбар» - «РЕАЛ» (17:00), «БАВАРИЯ» - «Фортуна» (19:30), «Майнц» - «БОРУССИЯ» Д (19:30), «Вест Ҳэм» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (20:00), «ПСЖ» - «Тулуза» (21:00),  «ЮВЕНТУС» - СПАЛ (22:00), «ИНТЕР» - «Фрозиноне» (25 ноябрга ўтар кечаси, 00:30)

25 ноябрь. «НАПОЛИ» - «Кьево» (19:00), «Борнмут» - «АРСЕНАЛ» (21:00).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид