Ўзбекистон | 16:07 / 23.11.2018
11869
5 дақиқада ўқилади

Scopus Awards 2018: Йилнинг энг яхши олимлари тақдирланди (фотожамланма)

Бугун, 23 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистоннинг энг яхши олимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда олий таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг 2017-2021 йиллар учун ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, биз олий таълим сифатини таъминлашга ва халқаро таълим майдонида рақобатбардошликка эришишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ўзбекистонни Марказий Осиё таълим хабига айлантириш мақсадларида жорий йилнинг бошида бизнинг олий таълим муассасаларимиз энг йирик Elsevier халқаро илмий компанияси билан “Илм-фан 2020” дастурини амалга оширишга киришди”, - дейди у.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, мазкур дастурни амалга ошириш доирасида Фанлар Академиясининг барча илмий-тадқиқот институтлари учун миллий обуна ташкил этилган, Scopus халқаро маълумотлар базасининг илмий ва таълим ресурсларига кириш имкони таъминланган. Республика ОТМларида  QS (Quacquarelli Symonds) ва Times Higher Education (THE) агентликлари билан ҳамкорликда семинарлар ўтказилган. Маҳаллий олийгоҳларнинг халқаро рейтингларга кириши билан боғлиқ асосий  масалалар муҳокама  этилган. Шунингдек агентликларнинг рейтинглар методологияси ўрганилиб, керакли тавсиялар берилган.

“Айни дамда биз халқаро агентликлар билан ҳамкорликда Йўл харитаси устида иш олиб боряпмиз, бу бизга яқин йилларда Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг халқаро рейтингларга қўшилиш имконини беради. Бугун биз жуда муҳим тадбирдамиз. Юртимизнинг энг яхши кўрсаткичларни қайд этган етук олимларини тақдирлаш маросимини ҳар йили ўтказишни кўзлаганмиз. Шубҳасиз, ушбу форум олимларимизнинг янада фаоллашуви учун яхши мотивация беради”, - деди Бош вазир ўринбосари.

Шундан сўнг Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, Elsevier’нинг Туркия, Эрон, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бошқарувчи директори Тайфун Башал, Elsevier Central Asia минтақавий директори Алия Оспанова ва “5-100 лойиҳаси” лойиҳавий офиси раҳбари Надежда Полихина Ўзбекистоннинг энг яхши олимларини тақдирлашди.

Фанлар Академияси олими Темурбек Усмонов, Ўзбекистон Миллий университетидан Бобомурод Аҳмедов, Турин политехника университетидан Дилшод Тўлагановлар “Йилнинг энг яхши олимлари” сифатида эътироф этилди.

Илғор технологиялар маркази директори Шахло Турдиқулованинг “Энг яхши олима аёл” сифатида тақдирланиши барчани қувонтирди. Мираббос Хўжамбердиев эса “Энг яхши ёш олим” дея эътироф этилди.

Бундан ташқари, республиканинг энг яхши олий таълим муассасалари ҳам эътироф этилди.

Тадбирнинг тақдирлаш маросимидан сўнг олий таълим муассасалари раҳбарлари ва педагоглари учун университетларнинг халқаро рейтингларига қўшилиш учун нималар қилиш кераклиги ҳамда илмий журналлар муаллифлари ва ташкилотлар учун Scopus’га қўшилишга оид маҳорат дарслари ўтказилди. Уларни QS’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Зоя Зайцева, “5-100 лойиҳаси” лойиҳавий офиси раҳбари Надежда Полихина, THE’нинг МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Егор Яблоков, Elsevier етакчи экспертлари Андрей Локтев, Ўзге Сертдемир, Шади Аввад, Ричард ван Хаарен, B2C Consulting бошқарувчи ҳамкори Александр Данилов ва Lexis Nexis директори Хатим Ал-Фаиз олиб боришди.

Совриндорларнинг тўлиқ рўйхати ва уларни белгилашда қандай омилларга таянилгани ҳақида кейинги мақолаларда маълумот берилади. 

Mover.uz'да кўриш

Youtube'да кўриш

Маълумот учун: илм-фан ва тиббиёт соҳасидаги қарорларга ихтисослашган Elsevier ахборот-таҳлил компанияси 5 мингдан ортиқ нашриёт ва 23 минг илмий журнални бирлаштиради, дунёнинг 7 миллиондан зиёд тадқиқотчилари улардан фойдаланади. Elsevier базасидаги маълумотлар QS, THE, Global Innovation Index каби йирик халқаро рейтингларни тузишда асос қилиб олинади.  

 

 

 

Мавзуга оид