Ўзбекистон | 15:50 / 24.11.2018
6467
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда маҳаллалар фаолияти рейтинг баҳоланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ва натижаларига кўра моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом” лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ҳар йили, йилига бир марта ўтказилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш қонунийлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик тамойилларига асосланиб ўтказилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш натижасида энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини аниқланади ва шу маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаоллари моддий рағбатлантирилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш учун ҳар йили 20 декабрга қадар намунавий таркибда туманда Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтингини баҳолаш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ таркиби Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.

Ишчи гуруҳ 1 февралга қадар тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинига чиқиб, амалга оширилган ишларни ўрганади ва Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди.

Бунда ишчи гуруҳ тегишли маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилган ишларни тақдим этиладиган маълумотлар асосида баҳолайди. Мезонларни баҳолашда маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли сони, жойлашуви инобатга олинади.

Зарур ҳолларда ишчи гуруҳ томонидан тегишли ташкилотлардан маҳалла фуқаролар йиғини бўйича керакли маълумотларни сўровномалар бериш орқали олиши мумкин.

Маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти мезонларда кўрсатилган ҳар бир индикатор бўйича баҳоланиши шарт.

Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш натижалари ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Баҳолаш натижалари ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси (раиси бўлмаганда унинг вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади.

Баҳолаш натижалари бўйича тузилган ҳужжатнинг бир нусхаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғинида қолдирилади.

Туманда мавжуд бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари баҳолангандан сўнг, ишчи гуруҳ томонидан 5 февралга қадар намунавий шаклда туман бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари рейтинги тузилади.

Рейтинг натижалари ишчи гуруҳ раиси томонидан тасдиқланади. Рейтингда маҳалла фуқаролар йиғинлари тўпланган баллардан келиб чиқиб, энг юқори баллдан энг паст баллгача камайиб борувчи тартибда жойлаштирилади.

Рейтингда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти нисбатан “аъло”, “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб баҳоланади.

Бунда тўпланган баллардан келиб чиқиб ҳисоблаганда: 

85,0–100 балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “аъло”;
71,0–84,9 балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “яхши”;
50,0–70,9 балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “қониқарли”;
49,9 балл ва ундан кам балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “қониқарсиз” деб баҳоланади.

Рейтингда 85,0 балл ва ундан юқори балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғини “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилади.

Баҳолаш якунлари бўйича “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаолларини мукофотлаш масаласини кўриб чиқиш ҳақида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши томонидан 10 февралга қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда туман ҳокимлигига тавсиянома киритилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ва туман ҳокимлиги “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаолларини 15 февралга қадар рағбатлантириш чораларини кўради.

Бунда “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини ходимларининг (йиғин раиси, масъул котиб, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари) ҳамда фаолларининг (фуқаролар йиғин раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раислари) ҳар бирига:

а) тегишли туман ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида пул маблағлари ажратилади;

б) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши томонидан республика санаторийларида даволанишлари учун бир маротабалик бепул йўлланма берилади.

“Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғинини рағбатлантириш мақсадида бошқа қимматбаҳо совғалар берилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид