Ўзбекистон | 08:00 / 29.11.2018
8126
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси тасдиқланди 

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Концепциянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: 

маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизимни ва маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш; 

тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллаш; 

миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш; 

аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш; 

маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этишда инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланиш; 

фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этиши ва маданий хизматлардан фойдаланишда ижтимоий тенглигини таъминлаш; 

маданий соҳада ўзаро самарали халқаро муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш, миллий маданиятга жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида қараш, бу борада тенг ҳуқуқлилик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратиш; 

қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослигини таъминлаш; 

маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, уларнинг моддий ресурс базасини янада мустаҳкамлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид