Ўзбекистон | 14:50 / 30.11.2018
47554
2 дақиқада ўқилади

Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокимлигига расман тасдиқланди

Бугун, 30 ноябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Фарҳод Ўрозбоевич Эрманов 1958 йилда туғилган. Илгари Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Беруний тумани ҳокими лавозимларида ишлаган. Кейинги етти ойда у Хоразм вилояти ҳокими вазифаларини бажаришда синовдан ўтган. Халқ депутатлари кенгашининг партиялар гуруҳлари билан ўтказилган маслаҳатлашувларда ҳам Фарҳод Эрманов номзоди қўллаб-қувватланган.

Аввалроқ Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари бошлиқлари вазифаларига ҳам янги раҳбарлар тайинланган эди.

«Президентимиз вилоят раҳбарлари Хоразм халқи билан бир тану бир жон бўлиб, бугун белгилаб берилган вазифаларни тўла бажариши, иқтисодиётни ривожлантириш ва одамлар ҳаётини яхшилаш бўйича кутилган натижаларга эришиши зарурлигини таъкидлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида 2017 йилнинг октябридан Хоразм вилоятини бошқарган Илгизар Собиров лавозимдан олинган ва унинг ўрнига Беруний туманига ҳокимлик қилиб турган Фарҳод Эрманов вақтинча раҳбар сифатида тайинланганди.

Мавзуга оид