Ўзбекистон | 00:00 / 30.11.2018
13690
3 дақиқада ўқилади

Хива: "Ичан қалъа" ичидаги уйлар сайёҳлик объектларига айлантирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Хива яқинида кўп қаватли замонавий уйлар қурилиб, шаҳарнинг тарихий қисмида яшаётган аҳоли босқичма-босқич кўчирилади, "Ичан қалъа" ичидаги уйлар сайёҳлик объектларига айлантирилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь Хоразм вилоятига ташрифи доирасида шундай топшириқ берди, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.

"Биз чет эллик туристларни қадимий тарихимиз ва қадриятларимиз билан жалб қилишимиз мумкин, лекин Хоразм, Хиванинг тарихи тўлиқ ўрганилмаган, уни таништириш бўйича тизим ҳам йўқ. Шунинг учун Хоразм тарихини энг қадимги даврдан бошлаб йилма-йил ўрганиб, одамларга содда тилда тушунтиришни йўлга қўйиш керак. Муҳим даврлар ва воқеалар, ҳар бир хон ҳаёти бўйича шоу-румлар ташкил этиб, сайёҳларни қизиқтириш зарур. Хивага келган одам катта таассурот, билим олиб кетсин, бу ерда кўпроқ қолиб вақтини мазмунли ўтказсин", - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев Хива темир йўл вокзали билан “Ичан қалъа” мажмуаси ўртасида барпо этилаётган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ҳам давлат раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган топшириқ ижроси бўлиб, Хивага янгича қиёфа бағишлади.

Хиёбоннинг икки тарафида икки қаватли туризм объектлари қурилган. Уларнинг биринчи қаватида ҳунармандчилик устахоналари, савдо ва маиший хизмат дўконлари, иккинчи қаватида оилавий меҳмонхоналар, ресторанлар ташкил этилган. Бу хиёбон ва шохобчалар сайёҳларга қўшимча қулайлик яратиш билан бирга, одамлар учун иш ўринлари ва  даромад манбаи бўлади.

Шавкат Мирзиёев шу ерда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш, Хива шаҳрининг тарихий қисмини батафсил режалаштиришга оид лойиҳалар билан танишди. Уларда мамлакатимизда халқаро бренддаги меҳмонхоналар бунёд этиш, савдо ва сервисни кенгайтиришга йўналтирилган режалар тақдим этилди.

Бундан ташқари, Президент хорижлик ишбилармонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг инвестиция таклифлари бўйича кўрсатмалар берди.

"Ўзи бизнес нима дегани? Манфаат дегани. Ўзбекистонда туризм жуда манфаатли, истиқболли соҳа. Шунинг учун бу соҳага тадбиркорларни, инвесторларни кўпроқ жалб этиб, уларга «яшил йўлак» қилиб бериш керак", - деди давлатимиз раҳбари.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилотларга қатор топшириқлар берилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид