Ўзбекистон | 19:20 / 01.12.2018
89588
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: 2-3 йилдан кейин давлат пахта билан шуғулланмайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29-30 ноябрь кунларида Хоразм вилоятида бўлиб, ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари фаолияти, транспорт ва туризм инфратузилмаси, таълим ва маданият муассасалари билан танишди. 

Президент вилоятга ташриф давомида яна бир бор пахта етиштириш тўлиқ кластерларга топширилиши ҳақида гапирди.

«Барибир пахтани манфаатдор кластерларга бераман. Икки-уч йилда давлат пахта билан шуғулланмайдиган бўлади. Пахта даромад келтира бошлайди», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, президент шу йилнинг сентябрида пахта-тўқимачилик соҳасида кластерларни жорий этишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган, унда Ўзбекистондаги пахта етиштирувчи туманларнинг ярмидан ортиғи тўлиқ кластер тизимига ўтиши маълум қилинганди.

Президент шу йилнинг майида мажбурий меҳнатга қарши гапира туриб, агар кластер тизимига ўтилса, ҳосилни йиғиб олишни ҳар бир кластер ўзи мустақил амалга ошириши, бу орқали ўз-ўзидан мажбурий меҳнатга барҳам берилиши ҳақида айтганди.

Шу йилнинг июлида эса президент Тошкент вилояти ҳокимидан бу йили тажриба сифатида очилган кластерлар ҳақида ҳисобот сўраганди.

«Эгаси бор энди, эртага пахта теримида эгаси бўлади. Ҳозирдан теримни ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, жой жойига қўйиш керак. Билиб қўйинглар, энди мактаб, коллеж, шифохона, олийгоҳ, ҳеч қайси пахта теримига чиқмайди. 

Менга керакмас, унақа пахтаям, унақа ютуқларинг ҳам керакмас. Бутун умр ўз-ўзимизни шарманда қилиб келдик. Бор йўғи бир миллиард икки юз миллион доллар бўладиган нарса учун бутун дунёга шарманда бўлганмиз. Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат. Кимга керак эди бу? Менга умуман керак эмас, далада қолиб кетсин эди ундан кўра. Кластер ўзи териб олсин, ўзи сотсин», деганди президент.

Мавзуга оид