Ўзбекистон | 20:06 / 03.12.2018
5564
4 дақиқада ўқилади

“Ўзатом” делегацияси Украинанинг атом энергетикасига оид тажрибаси билан танишди

“Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация Украинанинг атом энергетикасига оид тажрибаси билан танишиш мақсадида шу мамлакатда бўлди, дея хабар беради агентлик матбуот хизмати.

Делегация Хмельницк атом электростанциясида бўлди, у ерда “Ўзатом” вакиллари ўқув-машғулот маркази, машина бўлими, энергоблок фаолияти ҳамда 3-станция энергоблоки қурилиш майдончасини бориб кўрди.

Шунингдек «Энергоатом» марказий офисида делегациянинг давлат корхонаси президенти Юрий Недашковский билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдуалиев ва «Энергопроект» Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш-конструкторлик институти акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Юрий Малахов иштирок этди.

Фото: Узатом

«Биз Ўзбекистоннинг атом энергетикасини ривожлантириш ва мамлакатда биринчи атом электрстанциясини қуришга доир режаларини қўллаб-қувватлаймиз, - деди Юрий Недашковский. – Умид қиламизки, «Энергоатом»нинг атом электрстанцияларига хизмат кўрсатиш ва уларнинг эксплуатацияси бўйича миллий инфратузилмани яратишга оид тажрибаси Ўзбекистон учун қизиқарли бўлади”.

Унинг таъкидлашича, «Энергоатом» АЭС учун юқори малакали ходимлар тайёрлаш борасида кенг имкониятларга эга – Запорожск станциясида бу соҳада ягона бўлган Ўқув-машғулот маркази фаолият юритмоқда. Унга атом энергоблокининг ҳақиқий ускуналардан фойдаланиб ясалган табиий тренажер киради. Бу эса АЭС эксплуатацияси бўйича мутахассислар, шунингдек, атом электрстанцияларида таъмирловчи ва хизмат кўрсатувчи бўлиб ишловчи ходимларни ўқитиш имконини беради.

Юрий Недашковскийнинг сўзларига кўра, «Энергоатом» - ВВЭР-1000 туридаги реакторларнинг дунёдаги ягона оператори бўлиб, у иккита янги ядро ёқилғиси таъминотчисига эга.

«Биз янги ядро ёқилғиси манбаларини диверсификация қилиш бўйича мураккаб ишни амалга оширдик. Бугунги кунда Украина АЭСлари 15 энергоблокидан 6 тасида Американинг Westinghouse компанияси ёқилғисидан фойдаланилади. Ҳозирги пайтда «Энергоатом» ва Westinghouse Украинанинг бошқа энергоблокларига ҳам ёқилғи етказиб беришни кенгайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Икки таъминотчи «Энергоатом»га ядро ёқилғисининг ишончли тарзда етказиб берилишини кафолатлайди, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳақиқий рақобат эса ёқилғи тўпламлари сифати ва қийматига ижобий таъсир кўрсатади”, - дея таъкидлайди Ю.Недашковский.

«Ўзатомнинг» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов «Энергоатом» раҳбарига Ўзбекистон делегациясининг Хмельницк АЭСга танишув ташрифини ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида украиналик мутахассислар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

«Олдимизда Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва ташкил қилиш мақсадида атом электр станцияларидан фойдаланиб келаётган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш масаласи турибди», - деб таъкидлайди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон томонининг «Энергоатом» билан кадрларни тайёрлаш ва Украина лойиҳалаштириш ташкилотларининг атом энергетикаси соҳасида лойиҳалаштириш бўйича тажрибали мутахассисларини ҳамкорликка жалб қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Икки томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси АЭС учун кадрларни тайёрлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, «Энергопроект» Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш-конструкторлик институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, ушбу ташкилот мутахассислари Ўзбекистон атом электр станцияси учун майдон танлашда иштирок этмоқда.

Мавзуга оид