Ўзбекистон | 11:20 / 06.12.2018
4746
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси тайинланади

2018 йилнинг 5 декабрь куни Абу-Даби шаҳрида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ТИВ.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Халифа Шаҳин ал-Марар бошчилигидаги делегациялар учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга томонларда қизиқиш борлиги таъкидланди.

Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати муфассал кўриб чиқилиши ҳамкорлик кўламини ошириш учун мавжуд фойдаланилмаётган сезиларли салоҳиятга ва янада истиқболли соҳаларга диққатни жалб қилиш имконини берди.

2019 йилда бўладиган турли даражадаги алоқаларнинг жадвали кўриб чиқилди.

Тез орада Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси тайинланиши мамлакат делегацияси томонидан тасдиқланди. Бу икки томонлама алоқаларни, жумладан икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни тизимли асосда жадаллаштириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан товар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш номенклатураси ҳамда савдо айланмаси бўйича ўзаро савдони кенгайтириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва БАА ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов мавжудлиги туристлар алмашинуви учун ҳам муҳим асос ҳисобланади.

Минтақавий масалалар муҳокамаси чоғида 2018 йил 27 мартда қабул қилинган Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг Тошкент декларацияси қоидаларини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди. Мазкур конференция ишида БАА ташқи ишлар давлат вазири Анвар Гаргаш бошчилигидаги делегация иштирок этган эди.

Маслаҳатлашувлар доирасида умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид