Ўзбекистон | 09:54 / 11.12.2018
4035
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Окситания минтақаси билан ҳамкорликни ривожлантиради

2018 йил 10 декабрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курмановнинг “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи вице-президенти, Франция Миллий Мажлиси депутати Пьер Кабарэ билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, учрашувда парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Франция Сенати билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ, Франция Республикаси Сенатида эса “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Жорий йил 11 ноябрь куни парламентимиз юқори палатаси делегацияси Биринчи Жаҳон уруши тугаганининг 100 йиллиги муносабати билан Парижда ўтказилган тантанали тадбирларда иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистонда халқ фаровонлиги даражасини оширишга қаратилган изчил ўзгаришлар рўй бераётганлигини қайд этди. Мамлакат раҳбарияти томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган дўстлик, ўзаро фойдали ҳамкорлик ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган оқилона сиёсат ҳамда ташқи сиёсий фаолият амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлаб, халқаро майдонда давлатимиз нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, минтақалараро ҳамкорликни, хусусан Окситания минтақаси билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Билетте Де Вильмор Виолен хоним иштирок этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид