Жамият | 23:05 / 12.12.2018
37750
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz’да эълон қилинган мақоладан сўнг қашқадарёликларга қандай ёрдам берилди?

Жорий йил 22 октябрида Kun.uz «Орамизда шундайлар бор, уларни ҳазрати Инсон дейишади!» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Қашқадарё вилояти, Нишон тумани, Талимаржон шаҳарчаси, «Обод» маҳалласи, Улуғлик кўчасида ўта оғир шароитларда яшаб келаётган Каримов Даврон ҳамда Тўраев Қодир ва «Нишон» МФЙ, «Жума» қишлоғида истиқомат қилиб келаётган Насиба Чориеваларнинг ночор аҳволи ҳақида ҳикоя қилинган эди. 

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

Ушбу мақола эълон қилинганидан сўнг, салкам бир ярим ойдан ортиқ вақт ўтди. Биз туман мутасаддилари томонидан мақола қаҳрамонларининг муаммоларини бартараф этиш борасида қандай чоралар кўрилганига қизиқдик ва улар билан телефон орқали боғландик. 

Мунаввар Тўраеванинг (Каримов Давроннинг рафиқаси) билдиришича, маҳалла вакиллари, туман ва вилоят мутасаддилари келиб суратга тушириб, изоҳ сўраб кетишдан нарига ўтишгани йўқ. Бу орада, ёғингарчилик боис, ярмигача кўтарилган уй деворлари ювилиб кетишга ҳам улгурган, яъни «ҳеч қандай чора кўрилмади», - деди Мунаввар Тўраева биз билан мулоқотда. 

Шунинг баробарида «Жума» қишлоғилик Насиба Чориеванинг отасидан мерос қолган ер майдонида уй-жой қурилиши бошланиб, поёнига етиб қолган. Опа-ука янги йил арафасида ушбу уйга кўчиб ўтиши кутилмоқда. 

Шу ўринда, Kun.uz таҳририяти туман ҳамда вилоят ҳокимликлари қиш кунларида ночор аҳволда яшашга маҳкум бўлган Каримов Даврон ва Тўраев Қодир хонадонлари муаммосини бартараф этиш чораларини кўришларига ишонч билдириб қолади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид