Жаҳон | 09:28 / 19.12.2018
3804
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда январь бошидан бизнесни текширишга мораторий киритилади  

Фото: Fotolia

Қирғизистонда 2019 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларини текширишга мораторий киритилади. Ҳукуматнинг тегишли қарорини бош вазир Муҳаммадкалий Абилгазиев имзолаган.  
     
Мораторий 2 йил, яъни 2021 йил 1 январгача амал қилади. Мораторий 10 та ваколатли идора томонидан текшириладиган тадбиркорлик субъектларига нисбатан амал қилади. 

Бизнесни текшириш тақиқланадиган идораларга қуйидагилар киритилган:

— ижтимоий жамғарма;

— антимонопол тартибга солиш давлат агентлиги;

— ёнилғи-энергетик мажмуани тартибга солиш давлат агентлиги;

— молиявий бозорни тартибга солиш ва назорат қилиш давлат агентлиги;

— ветеринар ва фитосанитар хавфсизлик давлат инспекцияси;

— экологик ва техник хавфсизлик давлат инспекцияси;

— молия вазирлиги ҳузуридаги қимматбаҳо металлар департаменти;

— дори-дармон билан таъминлаш ва тиббий техника департаменти;

— соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликлар профилактикаси ва давлат санитар-эпидемиологик назорати департаменти;

— қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлигининг этил спирти, алкоголь ва спирт сақловчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва айлантиришни тартибга солиш ва назорат қилиш бошқармаси. 

Абилгазиев тадбиркорлик субъектлари текширилишига тақиқлов киритилиши фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф солмаслигини таъкидлаб ўтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид