Спорт | 18:40 / 29.12.2018
15021
3 дақиқада ўқилади

А Серия. Роналдунинг «дубли» «Ювентус»га ғалаба келтирди

Фото: Getty Images

Италия чемпионатида биринчи даврининг сўнгги - 19-тур ўйинлари бошланди.

«Ювентус» ўз майдонида «Сампдория»ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мезбонлар ҳужумчиси Криштиану Роналду 2-дақиқадаёқ Дибаланинг тўп узатишидан сўнг ҳисобни очди. Иккинчи бўлим ўрталарида пенальтини аниқ амалга оширди. Унинг дублига меҳмонлар Куальярелланинг битта голи билан жавоб қайтаришди. 

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 53 очко билан 1-ўринда, «Сампдория» эса 29 очко билан 5-ўринда бормоқда. 

А Серия, 19-тур
Ювентус – Сампдория 2:1 
Голлар
: 1:0 – 2 Роналду, 1:1 – 33, пенальти Куальярелла, 2:1 – 65, пенальти Роналду. 
Ювентус – Перин, Ругани, Алекс Сандро, Де Шильо, Кьеллини, Жан, Пьянич, Матюиди (Дуглас Коста, 82), Роналду, Дибала, Манжукич (Бернардески, 69).
Сампдория – Аудеро, Феррари, Мурру, Сала, Колли, Рамирес (Сапонара, 72), Экдаль (Янкто, 82), Линетти, Прат, Капрари (Дефрель, 67), Куальярелла.
Огоҳлантиришлар: Матюиди (36), Феррари (36), Ругани (71).

Бу ғалабадан сўнг Турин клуби биринчи даврада тўплаган очколари сонини 53тага етказиб қўйди. Бу – турнирнинг янги рекорди. Бу борадаги аввалги рекорд ҳам «Юве»га тегишли эди – клуб 2005/06 йиллар мавсуми биринчи ярмида 52 очко жамғарган.

«Кекса синьора» бу мавсум фақат «Женоа» ва «Аталанта» билан баҳсларда дуранг қайд этди, ҳамон мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда.

Бугунги уч очкони таъминлаган икки гол муаллифи Криштиану Роналду эса 14та гол билан чемпионат тўпурарлари рўйхатида биринчи ўринга чиқиб олди. Иккинчи поғонага тушиб қолган «Женоа» ҳужумчиси Кшиштоф Пентек ҳисобида 13та гол бор.

Криштиану 2-дақиқадаёқ Дибаланинг тўп узатишидан сўнг ҳисобни очди. Иккинчи бўлим ўрталарида пенальтини аниқ амалга оширди. Бу унинг А Сериядаги 13- ва 14-голлари бўлди. Тўпурарлар орасида иккинчи ўринга тушиб қолган «Женоа» ҳужумчиси Кшиштоф Пентек ҳисобида 13та гол бор.

Шу билан бирга, Роналду бугунги дублидан сўнг А Сериянинг бир мавсумида энг кўп гол урган португалиялик ўйинчига айланди. У 1988/89 йиллар мавсумида «Ювентус» шарафини ҳимоя қилиб, 12та тўп киритган яримҳимоячи Руи Баррошни ортда қолдирди.

Яна бир статистик маълумотга кўра, бугун «Альянц Стэдиум» меҳмонларининг ягона голи муаллифи – Фабио Куальярелла ўзига хос натижа муаллифига айланди. «Сампдория» ҳужумчиси мана 9 ўйиндирки, А Серияда майдонни голсиз тарк этмаяпти. 35 ёшли итальян бу тўққиз учрашувда ўнта гол уришга эришди.

Италия чемпионатининг кетма-кет 9 ўйинида рақиб дарвозасини ишғол этишни охирги марта 2005 йилда «Ювентус» ҳужумчиси Давид Трезеге уддалаган эди.

Мавзуга оид