Ўзбекистон | 20:31 / 01.01.2019
10060
3 дақиқада ўқилади

ФВВ ностандарт иситиш воситаларидан фойдаланмасликка чақирмоқда, аммо...

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини ностандарт, қўлбола ясалган ёхуд мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган иситиш воситалари, жумладан печлардан воз кечишга чақирмоқда. Аммо, эркин савдода чўнтакбоп, ҳар қадамда топиш имконияти мавжуд, албатта, мувофиқлик сертификати билан стандартларга мослаб ишлаб чиқарилган печлар мавжудми? ФВВ Тиббий-биологик бўлими бошлиғи Абдсами Аҳматов ушбу саволга жавоб беролмади. 

«Бу саволга менда жавоб йўқ», - дейди аҳолини ностандарт печлар хатаридан огоҳлантирган масъул мулозим. 

Вазирлик бошқа вакилига кўра, икки йил аввал Фавқулодда вазиятлар вазирлиги харидлар тендерида иситиш воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркор ҳам қатнашганди. 

«Савдода стандартларга мос келадиган, мувофиқлик сертификати мавжуд печлар реализация қилинмоқда. Ўша тендерда Наманган вилоятида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор қатнашганди. У барча ҳужжатларни тақдим этган. У ишлаб чиқарган маҳсулот вазирлик эҳтиёжи, яъни захираси учун харид қилинганди. Сертификатга эга бўлган печлар, стандарт андозаларига жавоб берадиган воситаларни ишлаб чиқарувчи бошқа тадбиркорлар ҳам бор. Харидор бозорга борганда фақат маҳсулотнинг сертификатини сўраши лозим», - дейди у. 

Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Умида Сувонова турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан қиш кунида ҳам совуқ бўлган хонадонда яшаётганини айтган. 

 «Газ йўқ ва бўлмайди дейишди. Бизга кўмир ёки ўтин ёқиш тавсия қилинди. Котёлга кўмир ва ўтин ёқиб кўрдик. Аммо тез-тез кўмир ёки ўтин қалаб турилмаса, тезда ўчиб қоларкан. Натижада, ярим соатда уй совиб қоляпти. Буни ўчирмасдан, тинмасдан ёқиб, 24 соат қараб туриш керак экан. Қўшнилар 300 минг сўмга ўтин олишди, аммо 10 кунга ҳам етмади. Бир хонани электр печкада иситяпмиз; ток ҳам тез-тез ўчади, натижада уй дарров совиб қолади», - дейди у. 

Аёл, бошқа газ ва марказий иситиш тизимига уланмаган хонадон эгалари  каби, уйни иситиш учун мавжуд муқобил ечимлардан фойдаланишга ўтган. Аммо, бу инсон саломатлиги учун хавфли, шу туфайли шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилганди. ​

Мавзуга оид