Жаҳон | 16:07 / 02.01.2019
14532
9 дақиқада ўқилади

«Катта иккилик»: 2019 йилда АҚШ ва Хитой муносабатларида нималар юз беради

Фото: AP

2018 йилги асосий геосиёсий воқеага замонавий дунёдаги энг қудратли икки давлат - АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши айланди. Ушбу кескинликнинг энг муҳим жиҳати сифатида Вашингтон томонидан эълон қилинган савдо уруши, шунингдек, кўпчилик Черчиллнинг Фултон нутқи билан таққослашни бошлаган, Гудзон институтида Қўшма Штатлар вице-президенти Майкл Пенснинг октябрь ойидаги нутқини келтириш мумкин. Кириб келган 2019 йил икки қудратли давлатнинг ўзаро алоқаларида янада қийин даврга айланиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Янги Хитой

Ўтган йили Америка-Хитой муносабатларида намоён бўлган «янги нормаллашув» учта кучнинг бирлашиши натижаси бўлди.

Биринчидан, бу Пекиннинг халқаро майдондаги ишончли хатти-ҳаракати, у Хитой глобал қудратли мамлакатга айлангани, миллий куч жиҳатидан фақат АҚШга имкониятни бой бераётгани туфайли юз берди. Бундай хатти-ҳаракатлар Жануби-Хитой денгизидаги сунъий оролларни яратиш ва уларни Хитой флоти учун асос пунктларга айлантириш, Хитой Халқ озодлик армиясининг Жибутидаги биринчи хорижий базаси пайдо бўлиши, Хитой компанияларининг глобал кенгайиши, хусусан, Huawei ва Alibaba каби технологик гигантлар фаолияти, шунингдек, «Бир камар, бир йўл» дастури доирасидаги инвестицияларда акс этган. Халқаро майдонда Пекиннинг нисбатан қаттиқ ва ишончли сиёсати одатда Хитой коммунистик партияси бош котиби Си Цзиньпин номи билан боғлиқ бўлиб, у 2017 йил охирида партия ва давлат раҳбари лавозимига иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланди ҳамда ХХРни бошқаришда муддатлар чеклови бекор қилинишига эришди. Бироқ, Сининг «камар, йўл» ёки «Муштарак тақдир ҳамжамияти» каби шахсий ташаббусларига қарамасдан, бош котиб ҳеч қандай янги нарса қилмаяпти: Хитой ундан аввалги раҳбарлар пайтида ҳам Жануби-Хитой денгизидаги позицияларини фаол мустаҳкамлаган, қуролли кучларни ривожлантирган, «миллий чемпионлар» мушакларини кўрсатган, жумладан, давлат томонидан қўллаб-қувватланувчи кибержосуслик ёрдамида ҳам (ҳар ҳолда, Америка ҳукумати вакиллари шундай демоқда). Шунчаки, Си даврида сон жиҳатидан ўзгаришлар сифатга кўчди, ўзига ишончи баланд етакчи раҳбарлигидаги кучли Хитой эса энди фақат йирик ривожланаётган мамлакат деб ҳисобланмаяпти.

Иккинчи омил - Хитойнинг Америкага нисбатан муносабати ўзгариши, у ХХР АҚШга тўғридан-тўғри глобал рақибга айлангани билан боғлиқ. Хитой ривожланиб, Америка етакчилигига чақириқ ташламаган бир пайтда, АҚШ Хитойнинг жаҳон тизимига интеграциялашуви Вашингтон бошчилигидаги либерал дунё тартибини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, деб ҳисоблаган. Америка корпорациялари Хитойда жуда катта пул ишлаб топишган, Пекин томонидан АҚШ давлат облигациялари сотиб олиниши эса ташқи қарзни қулай равишда ошириш ва Америка ўрта синфининг истеъмолини кенгайтириш имконини берди. Бироқ, агар аввал Хитойнинг иқтисодий ривожланиши Америкага катта фойда келтирган бўлса, XXI аср бошига келиб, Хитой тобора Қўшма Штатлар билан рақобатлаша бошлади. Рақобатнинг асосий майдони - дунёдаги куч мувозанатини аниқлаб берадиган технологик етакчилик. АҚШ, умуман олганда, бундай рақобатга қарши эмас, аммо улар Хитой рақобат курашида ноҳалол услублар, жумладан, кибержосуслик, ички бозорга киришни чеклаб қўйиш, шунингдек, «миллий чемпионлар» учун кенг кўламли давлат қўллаб-қувватлови дастурларидан фойдаланаётганидан норози. Пекиннинг Шарқий Осиёда ўзига ҳарбий-сиёсий ҳукмронликни таъминлашга уриниши, у ердан АҚШни сиқиб юбормоқчи бўлаётгани эса жуда сезиларли бўлди. Натижада, 2018 йилда Америкада ҳарбий ва технологик соҳаларда Хитойни босиб туриш, АҚШ ва ХХР иқтисодиётлари ўртасидаги ўзаро қарамликни бузишга қаратилган сиёсатга асосланган кенг миқёсли иккипартиявий консенсус пайдо бўлди.

Ниҳоят, АҚШ ва ХХР ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштирган учинчи омил - президент Дональд Трамп. Узоқ вақт давомида, ўзининг сиёсий фаолиятини бошлашдан олдин, у Хитойни АҚШнинг кўплаб иқтисодий муаммолари манбаи деб билган. Президент ўз маъмуриятида юқори лавозимларга тайинлаган шахслар ҳам шунга ишонади. Трампнинг Хитойга қарши сиёсати юзига президентнинг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро айланди, бироқ бошқа юқори лавозимли амалдорлар ҳам ўз позициясини яширмаяпти. Президент ва унинг жамоаси кўп томонлама институтлар имкониятларидан Хитой йўналишида фойдаланишни истамаслиги (Барак Обама эса бунинг аксини қилиб, Транс-Тинч океани ҳамкорлигини яратган) ҳисобга олинса, ХХРдан импортга божлар Вашингтон қўлидаги асосий воситага айланди. Бошқа бир восита Эрон ва КХДР сингари давлатларга қарши Америка санкциялари бўлиб, улар АҚШга Хитой компанияларини таъқиб этишга имкон беряпти (ҳозирча Huawei ва ZTE каби телекоммуникация компаниялари шундай ёндашув нишонига айланди). Трампнинг Хитойга қарши инстинктларидан ташқари, Америка президенти характери ва дунёқарашининг бошқа жиҳатлари ҳам - олдиндан айтиш мураккаблиги, тез қарор қабул қилиши, АҚШ фонд бозорига ҳаддан ташқари катта эътибор, шунингдек, махсус прокурор Роберт Мюллернинг суриштируви бўйича қўрқув - Вашингтон ва Пекин муносабатлари траекторияси учун муҳим.

Сиёсий савдо

Бу омиллар 2019 йилда ҳам давом этади. Хитой шу даражада қудратли давлатга айландики, ҳатто Пекин хоҳлаган тақдирда ҳам бир зумда кўринмай қола олмайди. АҚШда Хитойга нисбатан шаклланган консенсус ҳеч қаерга йўқолмайди, Трамп эса Трамп бўлишдан тўхтамайди.

Ўтган йил Вашингтон ва Пекиннинг сулҳ тузиши билан якунланди: ХХРдан импорт кўплаб бандларига эълон қилинган Америка тарифлари (10-25 фоиз) музлатилди, Хитой бунга жавобан Америка автомобилларига божларни пасайтирди ва АҚШдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олишни қайта тиклади. Томонлар «катта келишувни» расмийлаштириш тўғрисида музокараларни бошлади, бунга 90 кун берилди (декабрь ойи бошидан бошланди, бироқ дедлайн муддати силжиши мумкинлиги истисно этилмайди). Пекин ён босишга боришга тайёрлигини намойиш этишга фаол ҳаракат қилмоқда, аммо жиддий нарсалардан воз кечишни истамаяпти, экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз давлат дастурларига косметик ўзгаришлар киритмоқда. Трампнинг ўзи биринчи навбатда АҚШ фонд бозори реакциясига қараяпти. Президент Уолл-стритга Хитой билан савдо уруши ёқмаётганини тушунди, у ўз Twitter’ида ғалаба эълон қилиши мумкин бўлган ҳолатни қидирмоқда.

АҚШ-Хитой музокаралари натижалари уларнинг якунини тахмин қилиш учун жуда кўп ҳолатларга боғлиқ. Америка томонида энг кўп номаълумлари. Бу ерда ҳам Трампнинг ўзгарувчанлиги, ҳам бош музокарачи Роберт Лайтгайзернинг Хитойга қарши кайфияти, ҳам Мюллер комиссиясининг иш жадвали бор. Агар махсус прокурор яқин вақт ичида ўз хулосаларини эълон қилса ва уларда Трамп қонунларни бузганини билдирувчи аниқ далиллар бўлса, унда президентда жамоатчилик эътиборини ташқи қўзғовчи омилларга қаратиш учун яхши имконият пайдо бўлади. Хитой бу борада - идеал нишон.

1 январь куни иш бошлаган конгресснинг янги таркиби ҳам ноаниқликни оширади. Оралиқ сайловлардан сўнг, республикачилар вакиллар палатаси устидан назоратни йўқотди, ундаги кўплаб қўмиталарни антитрампчилар бошқармоқда. Якунда конгресс камроқ лаёқатли, бироқ жуда шовқин-суронли бўлади. Бу, кўплаб қонун чиқарувчиларнинг Хитойга қарши кайфияти эътиборга олинса, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларга таъсир қилади.

Албатта, Хитойнинг ҳаракатлари ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳозирча Си Цзиньпин ва унинг жамоаси Трампни тинчлантирувчи тактикани танлашди ҳамда АҚШ президентига босими натижалар бераётгани ва Хитой ён босаётганини ҳис этишига ҳаракат қилмоқдалар. Бироқ, Хитой етакчиси чексиз имтиёзларга бора олмайди: ҳокимиятни мустаҳкамлаганига қарамасдан, у партия ва мамлакатдаги ўз ҳурматини сақлаб қолиши керак. Шунинг учун у қизил чизиқлардан ташқарига чиқа олмайди, боз устига, Хитой раҳбарияти мамлакатни суперкучга айлантириш сиёсатидан воз кечмоқчи эмас. 2019 йил май ойида Си «Бир камар, бир йўл» форумини ўтказади, бу Пекиннинг глобал амбициялари танқид остига олинишига олиб келади. Бундан ташқари, Пекин қаттиқ муносабат билдиришга мажбур бўладиган ҳолатлар, масалан, яқинда Канадада Huawei вице-президенти Мэн Ваньчжоунинг ҳибсга олиниши каби воқеалар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга таъсир қилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид