Жамият | 13:25 / 03.01.2019
18969
7 дақиқада ўқилади

Лойқа сувдан «баҳраманд» бўлаётган Жиззахдаги «Зилол» маҳалла аҳли нима дейди?

«Маҳалламизда бир неча йиллардан бери тоза ичимлик суви танқис. Булоқдан ҳафтада икки марта бориб катта идишларда сув олиб келиб овқатга, чойга ишлатамиз. Бир неча бор тегишли идораларга мурожаат билан чиқсак-да, ижобий натижа кўрмадик. Вилоят ҳокимлигидан келиб, шаҳар ҳокимлигига топшириқ беради, шаҳар вакиллари яна аллакимга... Хуллас, вақт ўтиб бормоқда. Кун давомида бор-йўғи саккиз соат сув чиқади, аммо уни ичимлик суви деб айта олмаймиз. Жўмракни бурсангиз тоза сув ўрнига лойқа сув оқади, бу сув ичиш тугул, кир ювишга ҳам яроқсиз... Тиндириб қўйсангиз ҳам сув лойқалигича қолаверади.

Энг муҳими — сувдан қарзимиз йўқ, ўз-ўзидан сувга тўловлар чиқиб келаверади. Ижрочини излаб овора бўлганимиз етмагандек, йўқ жойдан чиқиб келаётган қарзларни ёполмай сарсонмиз. Жиззах шаҳар «Сувоқова» ДУК корхонасига борсанг «у хонага киринг», ундан «бунисига киринг», дея сарсон қилишади. Бизни ҳам кимдир эшитадими?».

Бу — Жиззах шаҳридаги «Зилол» маҳалласи, Маърифат кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатнинг қисқача мазмуни. Югур-югурлардан безган маҳалла аҳли кўп йиллардан бери қийнаб келаётган ичимлик суви муаммоси ҳал бўлишини истайди. Уларга қулоқ тутамиз.

«Мана, кўринг, шу сувни ичиб бўладими? Шу лойқа сувни лабораториядан келиб текшириб кетишди. Сувни «истеъмолга яроқсиз», дейишди. Яроқсиз бўлса ҳам, баъзи хонадонлар шу сувдан фойдаланишади. Нима қилишсин?! Алам қиладигани шуки, ичимлик сувдан қарздорлигим йўқ. Кеча қўлимга «280 минг сўмга ичимлик сувидан қарзингиз бор», деб хат ташлаб кетишди. «Сувоқова»га борсам сарсон қилишди. Кун кеч бўлди, аммо муаммо ҳал бўлмади. Бу ҳақда кимдир қизиқадими?» — дейди Зуҳра Эшонқулова.

«Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. «Сувоқова» корхонаси ходимлари томонидан назорат ўта паст даражада. «Сувоқова» корхонаси фаолияти устидан ким назорат қилади? Лойқа сув келгани боис «Аристон» бойлерларимизнинг ичи балчиқ бўлиб қолади. Алам қилгани — қарз қилиб қўйишгани. Йиғилишлар бўлди. Катта ташкилот-идоралар вакиллари келишди. Муаммо ҳал бўлмади. Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишди. Энди ҳал бўлишига кўзим етмайди. Порталга чиқдик, «Халқ қабулхонаси»га бордик, маҳаллий телевидениега ҳам мурожаат қилдик. Биз шаҳар «Сувоқова» корхонаси билан шартнома тузганмиз, шартномада кун давомида ичимлик суви узлуксиз берилиши белгилаб қўйилган. Бизда сутка давомида 5 соат сув беришади. Кўп хонадонларда ҳисоблагичлар ўрнатилмаган, улар ҳам 24 соатга пул тўлайди», — дейди Дилором Муҳиддинова.

Маҳалла аҳлини қийнаб келаётган муаммолардан бири болалар майдончасининг йўқлиги, атрофда турли клиника-ю даволаш масканларининг бетартиб қурилгани.

«Болалар майдончасининг йўқлигига кўникиб ҳам қолдик, аммо шу майдонча учун мўлжалланган ерга у ҳам чойхона қуришаркан. Буниси ортиқча, ўзи шундоқ ҳам болаларимизга ўйин учун жой йўқ.

Чойхона етмай турганди ўзи. Келиб ўлчаб, текшириб кетишяпти. Қўрқиб ҳам қолдик. Кўчамиз тор. Мана шу майдонни болалар майдончаси қилиб берамиз дейишган эди ҳокимликдан келган вакиллар. Аммо қурилмади, бори ҳам чала қолди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, атрофимиз турли клиника ва даволаш масканларига айланиб улгурди, бир қарич ер ҳам қолдиришмай ошхона, клиника қуришяпти», — дейди Дилафрўз Муҳиддинова.

Маҳалла аҳлининг эътирозларига Жиззах «Сувоқова» ДУК шаҳар филиали вакили Азиз Насриддинов шундай изоҳ берди:

«Аслида, ҳар ойнинг 10 санасида хонадон соҳиблари тўловларни тўлаб кетиши шарт, фуқароларнинг йиллар мобайнида тўловларни ўз вақтида қилмагани боис мана шундай тушунмовчиликлар юзага чиқяпти. Шу вақтга қадар аҳоли томонидан тўланган тўловларнинг кўп қисми кимларнингдир айби билан компьютер базасига киритилмаган. Шунингдек, кўпгина юртдошларимиз ўрнатилган ҳисоблагичларни охиригача расмийлаштирмаган. Бу ҳам кўпгина муаммоларни келтириб чиқаряпти. Ҳар бир келаётган юртдошларимизга имкон даражасида тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Тўлов квитанцияларини олиб уларни базага киритиб ўртадаги тушунмовчиликларга барҳам беришга ҳаракат қилинмоқда.

Сувнинг кун давомида саккиз соат берилишининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан шаҳар ҳудудидаги маҳаллалар балансида бўлган барча артезиан қудуқлар бизнинг корхона балансига ўтказилиши керак эди. «Зилол» маҳалласи Юксалиш кўчасида жойлашган артезиан қудуқ ва сув минораси электр энергиядан 119,0 миллион сўм қарздорлиги бор. Қарздорлик сабаб ушбу артезиан қудуғи ва сув минораси «Сувоқова» корхона балансига ўтказилмади. Ушбу қарздорлик бўйича тегишли ташкилотларга хат чиқарганмиз. Бизга шу қарздорлик масаласини ҳал қилишсагина ўз балансимизга оламиз. Шу боис, ичимлик суви вақти-вақти билан бериляпти».

«Сувнинг лойқа келишига сабаб шуки, ўша Юксалиш кўчасида жойлашган сув минораси жуда эскирган. Аслида, бу лойқа сувнинг зиёни йўқ, биз буни текширтирганмиз, лойқа бўлса тиниб кетади. Асосан қишда шу ҳолат кузатилади. Ер ости лойлар тушади сув тагидан ҳовуз очади. Ер остидаги табиий ҳолат бу, аҳолига ичимлик сувини доимий равишда узлуксиз бера олмаймиз, сув график асосида берилади. «Зилол» маҳалласи балансидаги сув минораси бизни балансимизда бўлмаса ҳам насосларни таъмирлатдик», — дейди насос таъмирлаш бўлими бошлиғи Улуғбек Пардаев.

Лойқа сувни ичса «ҳеч нарса» бўлмаслигига бизни ишонтирмоқчи бўлган Улуғбек Пардаевнинг сўзлари ҳайратимизни оширган бўлса, қарздорлик билан боғлиқ масала ўйга толдирди. Сув минораси қарздорлиги билан боғлиқ муаммо қачон ҳал бўлади? Айбдор топилиб, ундан қарзлар ундирилмагунча, маҳалла аҳли лойқа сувдан «баҳраманд» бўлишда давом этаверадими? Хуллас, саволлар бисёр, жавоблар эса…

Нима бўлганда ҳам, муаммо ҳал бўлиши шарт. Унинг ечими эса мутасаддиларнинг ташаббуси ва ғайратида. Умид қиламизки, мазкур мурожаатлар ечимини Жиззах шаҳар ҳокимлиги ва тегишли мутасаддилар қисқа муддатда ижобий ҳал этади.

Kun.uz таҳририяти бу мавзуга қайтади.

Гулчеҳра Шарипова,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид