Ўзбекистон | 23:33 / 03.01.2019
8082
2 дақиқада ўқилади

Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар янада қўллаб-қувватланади

Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар корхоналардаги бўш ва квоталанган иш ўринларига, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда манзилли асосда иш билан таъминланади. Бу «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада кўрсатилишича, амалий чора-тадбирлар доирасида 1 584 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга имтиёзли ипотека кредити асосида арзон уй-жойлар берилади.

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш фонди орқали хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантиришга 100 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилади.

Тадбир доирасида 61 та туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилади.

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамалари 2019 йилнинг 15 январига қадар ўтказилиши режалаштирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид