01:25 / 07.01.2019
36992

«Ўйин қоидалари ўзгарди». ​АҚШ Сурияни тарк этиши учун Туркияга талаб билдирди

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque/File Photo

Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон 7 январь куни Қуддусда билдирган баёноти давомида АҚШнинг Сурияни тарк этиши жараёнига тўхталиб, «ўйин»да янги шартни пайдо бўлганини маълум қилди.

Унга кўра, Туркия Қўшма Штатларнинг иттифоқдошларини ҳимоя қилишга рози бўлиши, шунингдек, америкаликлар Яқин Шарқдан чиқиб кетиши билан Туркия курдларга хавф солмаслиги шарт.

Президент Дональд Трампнинг Суриядаги АҚШ аскарларини чақириб олиши тўғрисидаги кескин қарори кўп саволларни очиқ қолдирганди. Айниқса, Суриянинг шимолида АҚШ кучлари билан ҳамкорлик қилган курд жангарилари Туркия томонидан ҳужумга учраши мумкинми?

Болтоннинг Исроил ва Туркияга сафари бу масалаларни ҳал этиши зарур эди. У Исроил расмийлари билан музокаралар олдидан журналистларга берган баёнотида, жиҳодчилар гуруҳи «мағлубиятга учраган ва ўзини қайта тиклашга, таҳдид қилишга куч топмайди», деб Суриядан чиқиш минтақада кафолатланган хавфсизлик шароитини яратиш билан амалга оширилишини айтди.

«Туркия Суриядаги курд жангарилари хавфсизлигини кафолатламагунича, АҚШ минтақани тарк этмайди», – дейди у.

Сурия YPG жангарилари ИШИДга қарши урушда жуда самарали иш олиб борди. Аммо Туркия узоқ йиллардан буён YPG билан ҳарбий муносабатлар учун Вашингтонни айблайди. Расмий Анқара YPG жангариларини Туркиянинг шарқий қисмида йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида исён кўтарган Курдистон қуролли гуруҳи – PKK'нинг кенгайиши сифатида қарайди.

Top