Жамият | 15:03 / 07.01.2019
11555
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда пиёданинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи қидирилмоқда

Иллюстратив фото

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 2019 йил 6 январь куни тахминан соат 19-20лар оралиғида номаълум ҳайдовчи давлат рақамлари аниқланмаган кулранг  “Нексия” русумли автомашинани “Эсат-Танхоз” йўлининг 26-км.да ҳайдаб кетаётиб, пиёда, Янгиобод МФЙда яшаган 83 ёшли Х.П.ни уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолган. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, натижада Х.П. жароҳат олиб касалхонага ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган номаълум ҳайдовчини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар, агар орангизда ушбу ҳолатга гувоҳ бўлганлар, ҳайдовчи ва автомашина ҳақида бирон-бир маълумотга эга инсонлар бўлса, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилишингизни ёки “102” телефон рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингизни сўраймиз», - дейилади ИИВ хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид