Жаҳоннинг етакчи нашрлари Ўзбекистондаги визасиз режим ҳақида бонг урмоқда
5 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ҳамда тегишли қарори ҳақида эълон қилинганидан сўнг барча маҳаллий оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи нашрлари визасиз режим, E-VISA, хорижликлар учун Ўзбекистондан турар-жой харид қилиш имкони ҳамда меҳмонхоналарда сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар ва умуман туризм йўналишидаги янгиликлар ҳақида бонг ура бошлади.
Жумладан, Буюк Британиянинг Independent нашрида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон 2019 йилнинг 1 февралидан хорижий сайёҳлар учун янада очилаётгани ва яна 45 мамлакат билан визасиз режим йўлга қўйилиши ҳақида мақола берилди.
Шу ўринда ўтган йили жорий қилинган электрон визалар ва визасиз режим эълон қилинган мамлакатлар ҳақида қайд этилди.
"Германиялик туристлар 15 январдан мамлакатга визасиз ташриф буюришлари мумкин, Буюк Британия билан бирга Кипр, Австрия ва Италия каби давлатлар эса февраль ойидан бундай имкониятни қўлга киритишади", - дейилади мақолада.
Шунингдек, унда мавжуд электрон виза схемаси кенгайтирилаётгани ва 76 мамлакатни ўз ичига қамраб олаётгани таъкидланган.
2018 йилги туризм соҳасидаги ислоҳотлардан сўнг Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони ўтган йилги 2,6 миллиондан 5,3 миллионга ошгани қайд этилган. 2019 йилда бу кўрсаткичлар янада ошиши кутилаётгани қўшимча қилинган.
Манбанинг "Ўзбекистон ҳаво йўллари"га асосланиб таъкидлашича, 2019 йилнинг баҳор ойларида икки Airbus A320neos ва уч Boeing 787 Dreamliner самолётларининг қўлга киритилиши давлатлараро рейслар учун янги йўналишларни қўшиш имконини беради. Бу эса Британия туристлари учун янада қулайлик яратади. Флагман авиаташувчиси Лондоннинг Хитроу аэропорти ва Тошкент аэропорти ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширади. 2019 йилнинг ёзидан эса Британиянинг яна бир аэропорти бу рўйхатга қўшилади.
Independent'да ёзилишича, сўнгги йилларда Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатларга қизиқиш шиддат билан ўсмоқда.
Сайёҳ-мухбир Саймон Колдернинг сўзларига кўра, "сайёҳ нуқтаи назаридан, Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг юраги ҳисобланади ва 2019 йилда у туристлар учун ҳар қачонгидан очиқ бўлади".
Бундан ташқари, манбада Airbnb ҳамда Abta Ўзбекистонни йилнинг сайёҳлик учун энг машҳур йўналишларидан бири, дея эълон қилгани алоҳида таъкидланган.
Хорижий ОАВда 5 январдаги фармон ва қарорлар Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилгани эътироф этилган. Меҳмонхоналарнинг яшаш жойи, фуқаролиги, қариндошлик ва оилавий ришталаридан қатъи назар хизмат кўрсатиши маълум қилинган.
Мақолада 1 февралга қадар фото ва видеога олиш тақиқланган жойлар рўйхати ишлаб чиқилиши, қолган барча жойларда истаган нарсани сурат ва видеога тушириш мумкинлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, зиёратчилар, талабалар, олимлар ва даволанишга келган хориж фуқаролари учун махсус визалар жорий қилингани қўшимча қилинган.
Сайёҳлик йўналишида фаолият юритувчи машҳур TheTravelMagazine нашри ҳам Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар ҳақида ёзган.
1 февралдан Ўзбекистонда кўплаб мамлакатларга нисбатан визасиз режимнинг жорий қилиниши ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилган жойларга, Буюк Ипак йўналиши бўйлаб саёҳат қилиш имконини бериши таъкидланган.
"Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлган фуқаролар рўйхати британияликлар ва Евроиттифоқ мамлакатларининг бошқа фуқаролари, шунингдек канадаликлар, австралияликлар, янги зеландияликлар ва швейцарияликларни ўз ичига олган", - дейилади манбада.
Мақолада Ўзбекистонга саёҳат қилишга доир қўшимча саволлар юзага келган тақдирда Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси билан боғланиш тавсия этилган.
Ҳиндистоннинг IndiaBlooms нашри Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг декабрида давлат раҳбари лавозимига киришганидан сўнг туризм ва хорижий инвестицияларни икки устувор йўналиш сифатида белгилаб бергани ҳақида ёзади.
Туризм соҳасидаги ислоҳотлар 2018 йилнинг ўзидаёқ хорижий сайёҳлар сонининг ошишига олиб келгани ва келгусида бу кўрсаткичлар янада ошиши кутилаётгани таъкидланган.
Манбада 2019 йилнинг 1 февралидан фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунлик муддатгача визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлган давлатлар рўйхати тўлиқ тақдим этилган. 2018 йилда визасиз режим эълон қилинган мамлакатлар рўйхати ҳам қўшимча қилинган.
Шу билан бирга, электрон виза тизими кенгайиши ва алоҳида тоифа хорижликлар учун янги виза турлари йўлга қўйилиши ҳақида эълон қилинган.
Бундан ташқари, мақолада меҳмонхоналар хизматлари ҳамда фото ва видеога олиш тартиби билан боғлиқ енгилликлар ҳақида қайд этилган.
LonelyPlanet'да президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни туризм ва савдо учун очиш устида жадал ишларни олиб бораётгани таъкидланган.
"Сўнгги икки йилда Ўзбекистон туристик йўналиш сифатида ўсди. Туризмни ривожлантириш қўмитасининг маълум қилишича, 2017 йилдан Ўзбекистонда туризмнинг йиллик 40 фоиз ўсиши қайд этилган. Мамлакат ўзининг дунёдаги энг бой Буюк Ипак йўли мероси объектлари, жумладан ЮНЕСКО жаҳон мероси объектлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухородаги тарихий марказлари билан мақтана олади", - дейилади манбада.
Унда шунингдек Ўзбекистон сайёҳлар учун енгилликлар яратаётгани, сайёҳлик йўналишларини бирлаштирувчи юқори тезликда ҳаракатланувчи темир йўл тармоғи ҳақида ёзилган.
Elmundook'да ҳам Ўзбекистонда туризм соҳасидаги қилинаётган ишлар эътироф этилиб, президентнинг янги фармон ва қароридан ўрин олган янгиликлар ҳақида маълум қилинган.
Шу билан бирга, хорижий мамлакатларнинг қайси шаҳарларидан Ўзбекистонга парвоз қилиш мумкинлигига оид маълумотлар тақдим этилган.
"Кўриб турганингиздек, энди Ўзбекистонга визасиз саёҳат қилиш осонлашди", - дейилади мақолада.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
19:32 / 07.11.2024