00:09 / 13.01.2019
17573

Осиё Кубоги. Плей-оффнинг олти иштирокчиси маълум, Озмун – тўпурар

Фото: ОФК

12 январь – Осиё Кубогининг саккизинчи кунида гуруҳ босқичидан чиқиш вазифасини уддалаган жамоалар сони олтитага етди. Бугун бўлиб ўтган учала баҳсда ҳам фаворитларнинг қўли баланд келди; Эрон, Ироқ ва Саудия Арабистони терма жамоалари Иордания, Хитой ва Жанубий Корея ортидан 1/8 финал иштирокчисига айланди.

«D» гуруҳи
Мусобақадаги олтита гуруҳдан дастлабки иккитасидан ташқари қолган гуруҳларда ҳозирча барчаси режа бўйича кетмоқда – гуруҳнинг яққол устун икки жамоаси учинчи турдаги ўзаро тўқнашуви олдидан 6 очко жамғариб, сўнгги турдаги муҳим баҳснинг аҳамиятини камайтиришга эришмоқда. Кеча «С» гуруҳида Хитой ва Жанубий Корея билан шундай ҳолат рўй берган бўлса, бугун «D» тўртлигида Эрон ва Ироқ терма жамоалари минимум вазифани уддалаб бўлишди.

Форслар куннинг илк учрашувида Вьетнамни 2:0 ҳисобида мағлуб этди, ҳар иккала голга ҳам Сардор Озмун муаллифлик қилди. У биринчи турда Яман дарвозасини ҳам ишғол этган эди, шунинг ҳисобига 3та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда. Эрон мусобақада энг кўп (7та) гол урган жамоа бўлиб турибди.

Ўтган турда Вьетнамни 3:2 ҳисобида мағлуб этган Ироқ бу сафар ҳам рақиб дарвозасига учта тўп йўллади, бу сафар ҳам учинчи гол 90-дақиқадан кейин урилди. Бу гал Яман терма жамоасини катта устунлик билан мағлуб этган (3:0) ироқликлар кейинги босқичга йўл олди.

Эрон – Вьетнам 2:0
Голлар: Азмун (38, 69)

Ироқ – Яман 3:0
Голлар: Али (11), Расан (19), Аббос (90+2)

16 январь: Вьетнам – Яман, Эрон – Ироқ

«E» гуруҳи
Эрон каби, Саудия Арабистони ҳам бугунги рақиби Ливан дарвозасини ҳар икки бўлимда бир мартадан ишғол этиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди – 2:0. Натижада Саудияликлар 1996 йилдан буён илк марта Осиё Кубогини кетма-кет икки ғалаба билан бошлай олди. Эътиборлиси ўша мусобақада шу терма жамоа чемпионликка эришган эди.

Миодраг Радулович устозлигидаги Ливан термаси илк турда Қатарга ҳам ютқазган эди. Ушбу натижадан сўнг ливанликларнинг Осиё Кубоги финал босқичидаги ғалабасиз серияси 5та ўйинга етди (2 дуранг ва 3 мағлубият), ушбу бешта баҳсдан тўрттасида жамоа камида 2та тўп ўтказиб юборган.

Қолаверса, Саудияга қарши ўйинда Ливан футболчилари бирор марта дарвоза соҳасига зарба бера олгани йўқ. Жамоа ўтган тур ўйини билан қўшиб ҳисоблаганда рақиб дарвозаси томон 8 марта зарба берди холос – бу Осиё Кубоги-2019да иккита учрашув ўтказган жамоалар орасидаги энг ёмон натижа. Ливанликлар умумий 33 марта қоидабузарликка йўл қўйиб, ушбу салбий кўрсаткич бўйича ҳам мусобақа «етакчиси» бўлиб туришибди.

Саудия Арабистони – Ливан 2:0
Голлар: Ал-Муваллад (12), Ал-Муқаҳвий (67)

13 январь: КХДР – Қатар (16:00)
17 январь: Саудия Арабистони – Қатар

Якшанба куни ушбу гуруҳдаги КХДР–Қатар учрашуви ва «F» гуруҳи баҳслари (Уммон–Япония ва Туркманистон–Ўзбекистон) билан иккинчи турга якун ясалади.

Top