Ўзбекистон | 17:08 / 15.01.2019
9682
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир танлов ўтказилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан белгиланишича, композиторлар ўртасида миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танлови 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши мумкин.

Танловнинг Низоми тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Сайфуллаев), Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси (Абдуллаев)га:

танловни ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;

танлов ғолибларини аниқлаш мақсадида мақом санъати усталари ва билимдонлари (композитор, бастакор, мусиқашунос, шоир ва ижрочилар)дан иборат Республика комиссиясини тузиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда танлов совриндорларига бериладиган диплом, сертификат ва статуэтка намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

танловни юқори савияда ўтказиш учун таниқли санъаткорлар, мақом усталари, композиторлар, бастакорлар, малакали мутахассисларни жалб этиш вазифалари юклатилади.

Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловининг низомига кўра, танлов мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб ижод  қилиб келаётган композиторлар, улар томонидан яратилган янги асарларни излаб топиш, мусиқа ижодкорлари ва ижрочилар учун кенг имконият яратиш, мақом санъатини янада оммалаштириш ва тарғиб этиш мақсадида республика миқёсида ўтказилади.

Танловда мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб замонавий услубда яратилган энг яхши композиторлик асари (симфония, концерт, камер-чолғу, поэма, оратория, сюита ва бошқа) йирик йўналишдаги саҳна асарлари муаллифлари иштирок этади.   

Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ижодий ишлар Маданият вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари: замонавий композиторлик ижодиётининг мақом санъати миллий анъаналари асосида янада ривожлантириш, ижро ва ижод анъаналари асосида қайта шакллантириш, замонавий композиторлик ижодиёти анъаналарига сингдириш ва ўзбек композиторлари ижодида йирик жанрлардаги миллий мақомлар асосида замонавий саҳна асарлари намуналарини яратиш, ушбу йўналишида ижод қилиб келаётган композиторларни кашф этиш.

Шунингдек:

миллий мақомлар асосида ижод қилиб келаётган композиторлар учун ижодий муҳит яратиш;

миллий мақомлар асосида йирик мусиқий жанрларда янги асарлар яратиш жараёнларига санъаткорлар ва соҳанинг етук мутахассисларини жалб этиш;

композиторлар ижодида мақомлар асосида яратилган асарлар кўламини янада кенгайтириш;

миллий йўналишда ижод этадиган мақом санъатини тафаккурида қўллай оладиган композиторларни излаб топиш ва рағбатлантириш.
 
Танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан ҳамкорликда мақомлар асосида мусиқа ижодиётининг йирик жанрларида замонавий асарлар яратиб келаётган композиторлар ўртасида ҳар икки йилда бир марта республика миқёсида ўтказилади.

Танловда мақомлар асосида мусиқа ижодиётининг йирик жанрларида замонавий асарлар яратиб келаётган композиторлар мақомлар асосида яратган асарлари  билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар томонидан танлов ўтадиган йилнинг 15 ноябрига қадар Ўзбек миллий мақом санъати марказига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

яратган асари (асар матни ва нота материали) икки нусхада;

асарнинг ижро этилган (магнит тасмаси ёки мини, CD дискка ёзилган) намунаси;

номзоднинг 10 х 15 ўлчовдаги учта рангли фотосурати;

номзоднинг танловда иштирок этиши бўйича аризаси;

номзоднинг паспорт нусхаси;

номзоднинг маълумотномаси.

Белгиланган муддатдан кечиккан ҳолларда ҳужжатлар қабул қилинмайди;

Ҳужжатлар электрон шаклда ҳам қабул қилинади.

Ҳудудлардан келган танлов иштирокчиларининг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ барча харажатлар (йўл, меҳмонхона, овқатланиш, транспорт) ўз ҳисобидан қопланади.

Танловда иштирок этиш учун таклиф этилган асарларни баҳолаш мақсадида таниқли санъаткорлар, мақом усталари, композиторлар, бастакорлар, малакали мутахассислардан ташкил топган республика комиссияси томонидан ўрганилади ва ғолиб асарлар аниқланади.

Танлов ғолибларини тақдирлаш Маданият вазирлиги томонидан танлов бўлиб ўтган йил декабрь ойининг иккинчи ярмида ўтказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид