Ўзбекистон | 18:48 / 15.01.2019
12104
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ИИББ бошлиғи: Тошкент шаҳрида жиноятчилик тенг ярмига камайди

Бугун, 15 январь куни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев иштирокида ОАВ ходимлари билан брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда 2018 йил якунлари бўйича ҳисоботлар, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Рустам Жўраев берган маълумотларга кўра, пойтахтда 2018 йил давомида 2017 йилга нисбатан жами жиноятлар сони 49,05 фоизга камайган (2017 йилда 14 030та, 2018 йилда 7 148та). Шу жумладан, қотиллик 69тадан 61тага (-11,6 фоиз), оғир тан жароҳати етказиш 203тадан 152тага (-25,1 фоиз), номусга тегиш 41тадан 14тага (-65,9 фоиз), талончилик 245тадан 120тага (-51 фоиз), босқинчилик 136тадан 64тага (-52,9 фоиз), ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар 194тадан 128тага (-34 фоиз), қидирувда бўлган шахслар 3219 нафардан 1534 нафарга (-52,3 фоиз) камайишига эришилган.

Пойтахтда ўрнатилган мобил ва стационар радарлар қайд этган қоидабузарликлар ортидан 42 млрд сўмдан ортиқроқ жарима ундирилган.

Kun.uz мухбирининг «Жиноятчилик кўрсаткичлари бу қадар тушишига ҳисобга олиш услублари ўзгартирилгани, яъни рақамларни бошқариш сабаб бўлмаганми? 2018 йил ва 2017 йил якунлари бир хил усулда ҳисобланганми?», деган саволига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев шундай жавоб берди:

– Жиноятчилик кўрсаткичларининг бу қадар пасайиши ўзимиз учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди ва бу илмий тадқиқотлар учун арзирли иш деб ҳисоблайман. Бевосита саволга жавоб берадиган бўлсам – ҳеч қандай услублар ўзгаргани йўқ, жиноятчилик чиндан ҳам камайган. Бундай ютуқларга эришишимиз замирида фақат жиноятчига эмас, жиноятни юзага келтирувчи ижтимоий омилларга – масалан ишсизликка қарши бутун жамият билан курашишга киришилгани сабаб бўлди, деб ўйлайман. Бунда сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг аҳамияти катта. 

Шунингдек, ОАВ ходимлари учун президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган, пойтахтнинг Юнусобод туманидаги, ҳозирда психолог, хотин-қизлар билан ишлаш бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими ва тезкор ўт ўчириш отряди, пост-патруль хизмати каби бўлимларни ўзида жамлаган замонавий ички ишлар бўлими бўйлаб экскурсия уюштирилди.

Мавзуга оид