Жаҳон | 14:58 / 18.01.2019
74271
7 дақиқада ўқилади

Тарихдаги энг узоқ давом этган урушлар

“Инсоният тарихи урушлар тарихидан иборат”, деган эди ўз асарларида атоқли адибимиз Ўткир Ҳошимов. Тарихда ер юзасида мутлақ тинчлик ҳукм сурган бирор йил кузатилмаган, доим қаердадир кимдир кимгадир қарши қурол ўқталиб турган. Аммо ўнлаб йиллар, ҳатто асрлаб давом этган қирғинбарот урушлар ҳам борки, уларнинг давомийлиги кишини чуқур ўйга толдиради.

7. Вьетнам уруши (18 йил)

Йигирманчи аср иккинчи ярмининг энг қирғинбарот урушларидан бири 1957 йилдан 1975 йилгача давом этган. Дастлаб партизанлар уруши тарзида кечаётган бу жангларга 1965 йилда АҚШ ҳам қўшилди ва Осиёнинг кичик ҳудуди ҳақиқий аланга остида қолди. Расман Шимолий ва Жанубий Вьетнам ўртасидаги уруш табиийки дунёнинг икки тузуми тўқнашувига айланди. Шимол бошқарувига коммунистларнинг келиши туртки бўлган бу уруш натижасида АҚШ 58 минг аскарини йўқотди ва уларнинг 35 мингдан ортиғи 21 ёшга ҳам кирмаган йигитлар эди. Кейинчалик урушдан қайтган аскарларнинг 150 мингдан ортиғи ўз жонига қасд қилди ва бу кампания АҚШ тарихининг қонли сатрлари сифатида битилди.

Вьетнамнинг йўқотишлари янада даҳшатли эди: 1 млн.дан ортиқ аскар ва 2 млн.дан ортиқ тинч аҳоли. Бундан ташқари оммавий қирғин қуроллари ишлатилиши натижасида 83 минг киши ампутант, 30 минг киши кўзи ожиз, 10 мингдан ортиқроғи кар бўлиб қолди. Кейинги авлодда ҳам генетик мутациялар кузатилди.

Бу ҳарбий ҳаракатлар кейинчалик инсониятга қарши жиноят сифатида малакаланди.

6. Пелопонесс уруши (27 йил)

Аслида бу ном остида икки йирик уруш бўлиб ўтган. Биринчиси – Кичик Пелопонесс уруши (м.а. 460-445 йиллар). Иккинчиси – Катта Пелопонесс уруши (м.а. 431-404 йиллар).

Айнан иккинчи Пелопонесс уруши қадимий Эллада (Греция) тарихидаги энг йирик уруш сифатида тарихга кирди. Асосан Афина ва Спарта зиддиятига асосланган бу жангларга жуда кўп давлатлар, хусусан форслар ҳам қўшилиб кетишди. Қурбонлар аниқ ҳисобланмаган. Жанглар Афинанинг мағлубияти ва Спарта иттифоқига қўшилиб кетиши билан якунланган.

5. Оқ ва алвон атиргуллар уруши (33 йил)

Англиядаги икки йирик сулола зодагонлари Плантагенет-Ланкастерлар ва Йорклар ўртасидаги бу уруш 1455 -1485 йиллар оралиғида бўлиб ўтган. Қирол Генрих IVнинг ақли ноқис, мамлакатни бошқараётган қиролича эса ўзининг хушторлари билан давлатни хароб аҳволга олиб келиб қўйганди. Феодаллар ўртасидаги узоқ ва бесамар бу уруш Англияни бир неча аср ортга суриб ташлади. Ўзини мухолифатчи ҳисоблаган герцог Ричард Йорклик Ланкастерларга қарши курашда ҳалок бўлади. Юзлаб зодагонларнинг бошига етган урушда деярли ҳеч ким ғолиб бўлмади, билъакс пайтдан фойдаланган Тюдорлар сулоласи тахтни эгаллади ва кейинги 117 йил давомида давлатни бошқарди.

4. Гватемала уруши (36 йил)

1960 йилдан 1996 йилга қадар давом этган бу фуқаролик урушига ҳам “коммунизмга қарши кураш” мақоми берилган. Дастлабки йилларда йилига 6-7 минг кишининг ёстиғини қуритаётган бу уруш 80-йилларга келиб кескин кучайиб кетди ва бир йил ичида 669 та қирғин кузатилди. Бу тўқнашувларда бир йилнинг ўзида 200 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди (уларнинг 165 минги майя ҳиндулари эди), 150 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолди.

3. Юнон-форс урушлари (50 йил)

Бу урушлар айрим сокинликлар даври билан милоддан аввалги 499-449 йилларга қадар давом этган. Юнонлар учун бу урушлар мустақиллик учун муқаддас уруш ҳисобланган бўлса, Аҳамонийлар учун янги ерларни забт этиш учун кечади. Уруш якунларига кўра форслар Эгей денгизи назоратини йўқотадилар, Кичик Осиё шаҳарлари озодлигини тан олишга мажбур бўладилар. Юнонлар эса тараққиёт сари қадам қўйдилар, ўйғониш даври бошланади.

2. 100 йиллик уруш (116 йил)

Тўрт босқичда кечган бу урушдаги энг узоқ давом этган ярашув даври 10 йил давом этган, шунингдек ўлатга қарши кураш даврида ҳам уруш тўхтаб турган. Асосий рақобатчилар Англия ва Франциянинг ҳар бири ҳудуддаги таъсир доирасини кучайтиришга уринарди.

Англияга Фландриядаги герман феодаллари иттифоқчилик қилишди, Францияга эса Англияга қарши тиш қайраб юрган Шотландия ва Рим папаси кўмак бердилар. Англия кучлари қирол бошқарувидаги рицарлар, камончилар ва ёлланма жангчилардан иборат бўлса, французлар қиролнинг вассаллари бошқарувидаги рицарлар эдилар.

Бир текис ва бесамар кетаётган уруш 1431 йилда Жанна д’Аркнинг ўлдирилишидан кейин кескинлашиб кетди. Францияда партизанлар отрядлари кўпайди. 1453 йилда инглизлар Бордода тор-мор этилдилар ва кўҳна қитъадаги барча ерларидан (Кале портидан ташқари) маҳрум бўлдилар. Франция армияси эса рицарлардан воз кечди, пиёдалар ва ўқотар қуролларга эътибор қаратди.

1. Рим-Карфаген уруши (118 йил)

Милоддан аввалги III асрга келиб римликлар бутун Италияни ўзларига бўйсундириб олдилар ва бой орол – Сицилияга кўз тика бошладилар. Аммо бу оролни яна бир қудратли давлат – Карфаген ҳам забт этишни мўлжаллаганди.

Бу икки давлатлар ўртасидаги 118 йиллик уруш 3 та йирик босқич ва маълум йиллар сокинлик билан кечди ва м.а. 264 йилдан 146 йилгача давом этди. Айнан охирги уруш – 3 йил давом этган қирғин ниҳоятда шиддатли кечди. Унда римликлар “Карфаген вайрон қилиниши шарт!” деган шиор остида жангга кирдилар. Охир оқибат Римнинг қўли баланд келди, Карфаген деган давлат бутунлай харитадан ўчириб ташланди.

Шунингдек, тарихда деярли 300 йил кечган ҳиндулар ва испанлар уруши, 700 йилдан ортиқ давом этган рим-форс уруши каби урушлар ҳам бор. Аммо улар асосан кичик тўқнашув характерида кечиши, аниқ ҳисоб-китоблар олиб борилмаганлиги, расман уруш бўлмаётган бўлса-да, тинчлик шартномалари имзоланмагани туфайли зиддият сақланиб қолаверганлиги туфайли бу рўйхатга кирмаган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид