Ўзбекистон | 12:39 / 21.01.2019
8137
3 дақиқада ўқилади

Мактабдаги «таъқиб ва зўравонлик»​ка қарши лойиҳаси ишлаб чиқилади

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ташкилоти мамлакатимиз мактабларида буллингни олдини олиш қўшма лойиҳаси бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Пилар Альварез-Ласо учрашувида ушбу масалага тўхтаб ўтилган, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати. 

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

«Буллинг» сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, «таъқиб ва зўравонлик» маъносини билдиради. Бу тушунча болаларни қасддан ва доимий равишда таъқиб қилишни англатади. Буллингнинг психологик, жисмоний, очиқ ёки кўринмас шакллари мавжуд. 

«Кўп ҳолларда болалар мактабдаги низоларни катталардан беркитади. Бунга бир неча омил, яъни ўғил-қизларнинг таҳқирланиши, қўрқитилиши, айрим ишларни амалга оширишга мажбурланганликлари, қолаверса, таҳдид қилиниши сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирда бу ҳодиса бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам долзарб масалалардан бирига айланган», – дейилади вазирлик ахборотида.

Ушбу лойиҳанинг олиб борилишидан асосий мақсад, мамлакатдаги умумтаълим мактабларида юқорида келтирилган муаммоларнинг олдини олишдан иборат эканлиги таъкидланмоқда. 

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа 2019-2020 йилларда амалга оширилиши режага киритилди. Лойиҳа доирасида мактаб ўқитувчилари ва психологлари учун буллинг сабабларини аниқлаш ва уларни олдини олиш учун таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган амалий ва назарий тадбирлар, тренинг ва семинарлар ўтказилади.

Лойиҳа якунида педагоглар учун «Таълим муассасаларида буллингни олдини олиш» методологияси ишлаб чиқилади. Мазкур методология низоларни самарали ҳал этиш ва болалар ўртасида етакчилик кўникмаларини шакллантириш бўйича кўрсатмалар беради. Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро ҳамкорлар тажрибасини ўрганиш бўйича қўйилган дастлабки қадамлардан биридир.

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълим вазирлиги томонидан 2018 йилнинг декабрь ойида Пилар Альварез-Ласога «Таълим ҳомийси» кўкрак-нишони топширилган эди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид