12:29 / 25.01.2019
3589

Абдулазиз Комилов Кубанинг янги элчисини қабул қилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Куба Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Боку шаҳрида) Альфредо Ниевес Портуондо билан учрашди.

Ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг элчини қутлар экан, вазир уни Ўзбекистонда юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаган ва муваффақиятлар тилаган.

Суҳбат чоғида икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатлар ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.

2018 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди муваффақиятли ўтказилганлиги мамнуният билан қайд этилди. Ушбу маслаҳатлашувлар Ўзбекистон-Куба мулоқотини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига эътибор қаратиш имконини берди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли асосда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга Ўзбекистон ва Куба содиқ эканлиги тасдиқланди.

Қайд этилишича, учрашувда халқаро сиёсатнинг баъзи масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Top