Жаҳон | 17:56
616
3 дақиқада ўқилади

Рубио Кубани АҚШ учун таҳдид деб эълон қилди

АҚШ Давлат котиби Куба «минтақадаги терроризмнинг етакчи ҳомийларидан бири» эканини айтди. Пентагон оролга ҳарбий флот жўнатди.

Фото: Reuters

АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, Куба Қўшма Штатлар учун «миллий хавфсизликка таҳдид» туғдиради ва Ҳабана билан тинчлик келишувига эришиш имкониятлари «жуда паст». Бу ҳақда BBC хабар берди.

Бу баёнотлар АҚШ Кубанинг собиқ президенти Раул Кастрога 1996 йилда Brothers to the Rescue ташкилотининг иккита самолёти халқаро сувлар устида уриб туширилгани муносабати билан қотилликда айблов қўйганидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Оқибатда уч нафар Америка фуқароси ҳалок бўлган эди. АҚШ 94 ёшли Раул Кастрони америкаликларни ўлдиришда айблади.

Рубионинг таъкидлашича, президент Доналд Трамп мамлакатни ҳар қандай таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва мажбуриятига эга.

21 май куни журналистлар билан суҳбатда Рубио дипломатия Куба билан муносабатларни тартибга солишнинг афзал усули бўлиб қолаётганини айтди, аммо қўшимча қилди: «Тўғрисини айтсам, ҳозир ким билан ишлаётганимизни ҳисобга олсак, бунинг эҳтимоли кам».

У, шунингдек, Куба «бутун минтақада терроризмнинг етакчи ҳомийларидан бири» эканини айтди.

Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес, ўз навбатида, бу айбловларни қатъиян рад этди. У Рубиони «ёлғон»да айблади ва Куба ҳеч қачон АҚШ учун хавф туғдирмаганини айтди. Куба ташқи ишлар вазири Рубио «ҳарбий тажовузни қўзғатишга» уринаётганини ва АҚШ ҳукумати Кубага қарши «шафқатсиз ва тизимли» ҳужумлар олиб бораётганини айтди.

Шу билан бирга, АҚШ Қуролли Кучлари Жанубий қўмондонлигининг хабар беришича, USS Nimitz ядровий авиаташувчи кемаси бошчилигидаги АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг авиаташувчи зарба гуруҳи Кариб денгизи акваториясига кирди.

Авиаташувчи билан бирга минтақага Carrier Air Wing 17 авиация гуруҳи, USS Gridley эсминеци, шунингдек, USNS Matuxent таъминот танкери етиб борди. Қўмондонликнинг таъкидлашича, жойлаштирилган кучлар «юқори жанговар тайёргарлик, зарба бериш масофаси ва стратегик устунликни» намойиш этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид