Ўзбекистон | 08:19 / 25.01.2019
20541
2 дақиқада ўқилади

Меҳмонхоналар тегишли кодекслар моддаларини бузган меҳмонларни қабул қилмайди

Фото: Depositphotos

2019 йил 23 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг буйруғи лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳужжат лойиҳаси президентнинг 2019 йил 5 январдаги ПҚ-4095-сон қарорининг алоҳида бандлари, хусусан «Қонунчиликка биноан меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъий назар кўрсатилиши лозимлиги» тўғрисидаги банднинг ижросини тўғри талқин қилиш ҳамда меҳмонхона хизматларини тақдим этадиган тадбиркорлик субъектларига методик ёрдам кўрсатиш, шунингдек туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда тақдим этилди. 

Туризмнинг турли йўналишларини, хусусан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида ҳужжат лойиҳасига асосан туризм соҳасида фаолият олиб бораётган субъектларга ўз бизнесларини ривожлантириш йўлларини ва аҳолининг айрим тоифаларини камситмаган ҳолда ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузмасдан мақсадли мижозлар аудиториясини мустақил равишда танлаш имконияти яратилади.

«Шу билан бирга, алоҳида таъкидлашни истардикки, Қўмитага тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга меҳмонхона хизматларини тақдим этишдан асоссиз равишда бош тортган қатор ҳолатлар ҳақида хабарлар берилди. Ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси фуқаролик, маъмурий ва жиноий кодекслари билан тасдиқланган қоидабузарликларни рад этиш учун асос бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Биз ушбу банднинг матни устида яна иш олиб бориш талаб этаётганини тушунамиз ва шу сабабдан ҳужжат лойиҳаси юзасидан таклифларни тўплаш учун жамоатчилик муҳокамасига қўйилди», - дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва мақолаларда берилган фикрларни фаол муҳокама қилиш ва кўриб чиқилиши кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг боришини тўғрилигидан яна бир бор далолат беради. 

Мавзуга оид