Ўзбекистон | 20:36 / 25.01.2019
24717
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокими сенаторликка сайланди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Олий мажлис Сенати аъзоси сифатида сайланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди. 

Самарқанд шаҳрида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов очди. Қўшма мажлисга халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Б.Шарофов раислик қилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов номзоди йиғилиш оқсоқоллар кенгаши томонидан Олий Мажлис Сенати аъзолигига таклиф этилди. Депутатлар номзод бўйича ўз муносабатларини билдиришди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида ўтказилди. Яширин овоз бериш натижаларига кўра, 7-Истиқлол сайлов округидан Самарқанд вилояти Кенгаши депутати, Самарқанд вилояти ҳокими Турдимов Эркинжон Оқбўтаевич Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни Самарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган эди. Сессияда ташкилий масала кўрилиб, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Эркинжон Турдимовнинг лавозимидан «в.б.» қўшимчаси олиб ташланган ҳамда вилоят ҳокими этиб расман тасдиқланганди.  

Эркинжон Турдимов 2018 йилнинг июлида коррупция можароси доирасида ишдан олинган Туроб Жўраев ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.

Эркинжон Турдимов – 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1991-1995 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Сирдарё филиалида бўлим мутахассиси, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Зарафшон бўлими пул муомаласи бўлимида бош мутахассис, бўлим бошлиғи ўринбосари, Зарафшон бўлими бошқарувчиси бўлиб ишлаган. 1995-1996 йилларда Зарафшон шаҳри ҳокими ўринбосари бўлган. 1996 йилдан 2000 йилгача Ўзбекистон Миллий банки Навоий бўлими бошқарувчиси, 2000-2008 йилларда Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими сифатида фаолият юритган. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган.

2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. 2016 йил декабридан 2018 йилнинг ёзига қадар Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид