Жаҳон | 23:40 / 27.01.2019
9704
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда яна бир тўғон ўпирилиши мумкинлиги маълум қилинди   

Бразилиянинг Vale тоғ-кон компанияси 25 январда компанияга тегишли тўғон ўпирилган Брумадинью муниципалитетида яна бир тўғони ўпирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда компаниянинг 27 январда расмий сайтида эълон қилинган баёнотида айтилган.     

Vаle компанияси 27 январда маҳаллий вақт билан соат 05:30 да Коррегу-ду-Фейжан конида 6-тўғондаги назорат қурилмалари сув сатҳи ошганини кўрсатгандан кейин фавқулодда огоҳлантириш тизими ишга тушганини маълум қилган.   

Таъкидланишича, маҳаллий ҳукумат бу ҳақда дарҳол хабардор қилинган. “Vale вазиятни кузатишда давом этмоқда. Тафсилотлар яқин орада эълон қилинади”, деб қўшимча қилинган баёнотда.

Охирги маълумотларга кўра, тўғон ўпирилиши оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлган, 23 киши жароҳат олган. Шунингдек, 290 дан кўпроқ одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. 

Бразилия суди тўғон ўпирилиши билан боғлиқ ҳолда компаниянинг ҳисобрақамларидаги яна 5 млрд реал (1,3 млрд доллар) пулни музлатиб қўйишга қарор қилди.   

Аввалроқ компаниянинг 6 млрд реал (1,6 млрд доллар) пули музлатилгани маълум қилинганди.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид