20:39 / 28.01.2019
6042

Тошкент вилоятида 20 оиланинг никоҳ гувоҳномаси расмийлаштирилди 

Тошкент вилоятида 20 та оилага никоҳ гувоҳномаси расмийлаштириб берилди, 15 нафар аёлга меҳнат дафтарчаси топширилди ва 5 аёл имтиёзли кредит учун  сертификатни қўлга киритди, дея хабар беради Kun.uz мухбири. 

28 январь куни вилоятнинг Янгийўл туманида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5325-сонли фармони ижроси юзасидан амалий семинар ўз ишини бошлади. Унда Бош вазир ўринбосари, Республика  Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ва вилоят ҳокимлиги вакиллари  иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, бугун Республикада мазкур фармон ижроси юзасидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш, оғир турмуш шароитидаги оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, оилавий-маиший турмушдаги зўравонликлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар янги тизимда олиб борилмоқда.

Бугунги семинарнинг ӯзига хослиги шундаки, айнан Хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланган  вазифалар амалий ижроси билан кӯрсатиб берилди. Масалан, Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич  ташкилотларининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш билан қуйи тизимларда аёлларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилиш имкониятини тезлаштириш мумкин.

Семинар ишида "Shoirabegim Art Dizayn" МЧЖ бошланғич Хотин-қизлар фаолияти ўрганилиб,  корхона негизида ӯқув маркази ва тикув цехи ишга туширилди. 

Туманнинг 74 нафар фаол, фахрий, раҳбар, депутат аёлларига 274 нафар хотин-қиз захира кадр сифатида бириктирилди.

Шунингдек, амалий семинар давомида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва оилавий муносабатларни яхшилаш мақсадида, қонуний никоҳи расмийлаштирилмаган 20 та оилага никоҳ гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

15 нафар аёлга томорқадан самарали фойдаланишни ўргатиш орқали бандлиги таъминланиб, меҳнат дафтарчалари топширилди ҳамда "Ҳунарманд" уюшмаси билан ҳамкорликда "Устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунармандчилик фаолиятини бошлаётган 20 нафар хотин-қизга гувоҳномалар тарқатилди. 

Тадбир давомида Республика Хотин-қизлар қӯмитаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз хотин-қизларнинг 5 нафарига имтиёзли кредит олиш учун сертификат топширилди.

Top