Жамият | 18:20 / 31.01.2019
9396
5 дақиқада ўқилади

Аср кўргазмаси: Ўзбекистон музей экспонатлари Лувр музейида намойиш этилади

Ўзбекистоннинг юзлаб музей экспонатлари 2021 йилда Лувр музейи (Франция)да бўлиб ўтадиган "Ипак йўлида цивилизация ва маданиятлар" кўргазмасида бир неча ой давомида намойиш этилади. Kun.uz мухбири кўргазмага тайёргарлик кўришга бағишланган I Халқаро конференцияда доирасида олинган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкилотчилиги остида ўтган тадбирда Лувр музейи ҳамда Франция музейларни тадқиқ ва реставрация қилиш маркази экспертлари ва Ўзбекистоннинг санъат муассасалари вакиллари қатнашишди.

Лувр музейининг Ислом санъати департаменти директори Янник Линц 2021 йилда ўтказиш режалаштирилаётган кўргазмани "аср кўргазмаси" деб атаб, бундан мақсад Ипак йўли асрий меросини намойиш қилиш эканини таъкидлади. Кўргазмага Лувр музейининг 1200 квадрат метр майдони ажратилади, у ўзида 300-400 тагача экспонатни сиғдира олади. Янник Линц кўргазмага тайёргарлик кўриш давомида қуйидаги жараёнларга эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди:

·      экспонатларни консервация ва реставрация қилиш;

·      экспонатларни ўраб жойлаш ва ташиш;

·      кўргазма олди илмий тадқиқотлари ва тайёргарлик.

Линцнинг таъкидлашича, келаси ҳафта бошидан Франция, Ўзбекистон ва Россия экспертлари кўргазма бўйича илмий тадқиқотларни бошлашади.

"Душанба кунидан бошлаб 2018 йилнинг октябрида имзоланган меморандум доирасида белгиланган ишларни бошлаймиз. Унга кўра, икки нафар франциялик, икки нафар ўзбекистонлик ва бир нафар россиялик мутахассисдан иборат кичик ишчи қўмита тузилади. Биз экспонатлар рўйхатини шакллантириш, уларни танлаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиламиз. 2019 йилнинг иккинчи ярмида эса Францияда ишчи қўмитанинг кейинги учрашуви бўлиб ўтади ва унда 2021 йилда бўлиб ўтадиган кўргазма очилишига бағишланган китобни тайёрлаш устида иш олиб борилади", - дейди Янник Линц.

Франция музейларни тадқиқ ва реставрация қилиш марказининг Тадқиқотлар бўлими бошлиғи Мишель Минюнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари кўргазма билангина чекланиб қолмайди. У Франция Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқчи экани ҳамда келгусида ҳатто талабалар ва ходимлар алмашинуви йўлга қўйилишини қайд этди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда Франция маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Гаяне Умерованинг айтишича, 2018 йилда Лувр музейи экспертлари томонидан экспонатлар ҳолати бўйича таҳлил ўтказилган. Уларга доир ҳисобот лойиҳанинг Ўзбекистон томон раҳбари, Фанлар Академиясининг Санъатшунослик институти директори Шокир Пидаевга тақдим этилган.

"Франциялик экспертларнинг баҳоси ҳақида гапирадиган бўлсак, таъкидлаш жоизки, деярли барча экспонатлар реставрация ишларидан кейин кўргазмада иштирок этиши мумкин", - дейди Умерова.

Франция-Ўзбекистон археология миссияси директори Рокко Ранте тадбир доирасидаги тақдимотида 2021 йилги Ипак йўли мероси кўргазмасида намойиш қилиниши кутилаётган экспонатлар ҳақида баъзи маълумотлар билан бўлишди.

Рокко Рантенинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Ипак йўли мероси кўргазмасида 300 экспонат намойиши режалаштирилган, улардан 200 таси Ўзбекистон музейлари экспонатлари бўлади.

"Ўзбекистон ҳудуди турли цивилизация ва маданиятларни ўзида жамлаган бўлган ва мана шу хилма-хилликни дунёга кўрсатиш ғояси пайдо бўлди. Жуда кўп экспонатларни кўздан кечирдик ва 2021 йилги кўргазмада намойиш қилиш учун тахминан 300 экспонатни танлаб олдик, булардан 200 таси айнан Ўзбекистон музейларига тегишли. Яқин ярим йил ичида бу экспонтлар рўйхати борасида аниқ қарорга келишимиз керак. Бу нафақат Ўзбекистон томон, балки Лувр музейи учун ҳам кўп йиллар давомидаги энг йирик кўргазма бўлади, шунинг учун унга жуда катта тайёргарлик кўриш керак бўлади", - дейди у. 

Ўтган йилнинг октябрь ойида Kun.uz'да Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи доирасида 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун: Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган Лувр музейи дунёнинг энг йирик ва машҳур музейларидан биридир. 2018 йилда Луврга ташриф буюрганлар сони 10 млн кишидан ошган бўлиб, бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Лувр музейига 1793 йилнинг 10 августида асос солинган.

Мавзуга оид