Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллий олимпия қўмитаси: Мақсад – Токио Олимпиадасида кучли ўнликка кириш
Бугун, 1 февраль куни Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари Ижроия қўмитаси йиғилиши ташкил этилди. Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Бош котиб Жасур Матчанов, вице-президент Аҳмаджон Раҳимов ва Ижроия қўмита аъзолари иштирок этишди.
Қўмита матбуот хизматидан маълум қилишларича, йиғилишни Умид Аҳмаджонов очиб берган. «Бугунги йиғилишимиздан асосий мақсад Токио Олимпиадасига тайёргарлик масаласидир. МОҚ Ижроқўм аъзоларининг ҳар бири ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга», деган у.
«Хабарингиз бор, Япония мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинлари учун МОҚ томонидан стратегия ишлаб чиқилган. Бугун ана шу режа бўйича ўз фикр-мулоҳазаларингизни, таклифларингизни билдиришингиз мумкин бўлади», – дея давом этган Аҳмаджонов.
«Сир эмаски, асосий мақсадимиз Токио Олимпиадасида яхши натижа кўрсатиб, халқимизни, Президентимизни хурсанд қилишдир. 2019 йил лицензион йил ҳисобланади. Шунинг учун, спорт федерациялари бир ёқадан бош чиқарган ҳолда иш олиб боришимиз лозим. Чунки, барчамизнинг мақсадимиз бир», – дея таъкидлаган МОҚ президенти.
Кун тартибига биноан, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ҳам сўзга чиқар экан, ушбу стратегияни ишлаб чиқишдан мақсад ва вазифаларни тушунтириб берган. Унга кўра, эндиликда терма жамоа аъзоларининг ўқув-машғулот йиғинлари янгича тизимда олиб борилади. Авваллари тайёргарликлар жамоавий тартибда олиб борилган бўлса, энди индивидуал тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, жисмоний ва фармакологик тайёргарлик бўйича ҳам алоҳида иш олиб бориш лозимлиги таъкидланган.
Йиғилиш давомида эндиликда ҳар бир спорт федерациясига ошпаз бириктирилиши маълум қилинди. У терма жамоа диетологи ва шифокори билан биргаликда иш олиб боради ва Олимпиадага тайёргарлик кўраётган спортчиларга бириктирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МОҚ Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритган ҳар бир спортчи учун 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ажратиши маълум қилинганди. Уларнинг мураббийлари эса 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Қўшимча қилинишича, мажлисда Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлган спортчиларга ҳам МОҚ томонидан алоҳида пул мукофотлари ажратилиши таъкидланган.
Қайд этилишича, спортчиларнинг Олимпиадага тайёргарлик кўришида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, марказ мутахассислари терма жамоа аъзоларининг ҳолатини доимий равишда назорат қилади. Айнан уларнинг текширувлари, ҳулосалари ёрдамида спортчиларга мураббий томонидан индивидуал юкламалар берилади.
Шунингдек, Бош котиб Жасур Матчанов ҳам йиғилишда сўзга чиқиб, Олимпиадага тайёргарлик жараёни махсус тузилган бешта комиссия ёрдамида назорат қилиб борилиши ҳақида гапирган. Унга кўра, Токио Олимпиадаси олдидан бешта – Интизом, Спорт тиббиёти ва антидопинг, Ҳакам ва инспекторлар, Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича ва Аппеляцион комиссия тузилади ва тегишли йўналишларда иш олиб борилади.
Мавзуга оид
21:32 / 06.02.2023
Туркиядаги ўзбекистонлик спортчилар ҳолати бўйича маълумот берилди
21:35 / 06.05.2022
Ўзбек спортининг 30 йиллик тарихидаги энг яхшилар тақдирланди
19:35 / 29.12.2021
Токио-2020 ғолибларига аталган йил. «Uzbekistan Sport Awards-2021» миллий мукофоти лауреатлари эълон қилинди
14:06 / 25.08.2021