Ўзбекистон | 10:11 / 02.02.2019
11116
6 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори лойиҳаси: Шаҳрисабз шаҳри комплекс ривожлантирилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тасдиқланиши мумкин.

Қуйидагилар:

- 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбаларининг кўрсаткичлари;

- 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида саноат йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

- 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида хизмат кўрсатиш йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

- 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

- муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар;

- таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

- ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш ва фойдаланишдан чиқариб юборилган ерларни фойдаланишга қайтариш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда:

Дастурдаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда тармоқ жадвалларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича назарда тутилган ишларнинг тасдиқланган параметрларга мувофиқ жадал бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб боради ва мувофиқлаштиради;

барча параметрлар бўйича мониторинг олиб борилишини ташкил этади ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқади, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чоралар кўради;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда Дастурга тегишли ўзгартиришлар киритади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тегишли тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускори билан биргаликда 2019 йилда “Шаҳрисабз текстил” МЧЖда аралаш ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширилишини таъминлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шаҳрисабз туман юқумли касалликлар шифохонаси ва Шаҳрисабз туман Болалар шифохонасини Шаҳрисабз шаҳар марказида жойлашганлигини инобатга олиб Шаҳрисабз шаҳар Тиббиёт бирлашмаси тасарруфига ўтказилишини таъминлайди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Шаҳрисабз шаҳри туристик шаҳар эканлигини ҳисобга олиб шаҳар марказида жойлашган Шаҳрисабз туманига қарашли “Агротехсервис” МТП МЧЖни Шаҳрисабз туманидаги бўш турган ММТПлар биносига кўчириш чораларини кўради.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги бўшаган ер майдонини туристик ва дам олиш объектлари қуриш учун ажратади.

Молия вазирлиги Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш муносабати билан бузилган нотурар жой объектлари учун компенсация тўловидан бўлган 25,0 млрд сўм қарздорликни тўланишини таъминлайди.

Маданият вазирлиги, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги шаҳардаги “Хотира майдони”ни Шаҳрисабз тарихий марказини ўраб турувчи тарихий қалъа девори ҳамда Самарқанд дарвозасининг шимолий қисмига кўчириш чораларини кўради.

Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Дастурга киритилган объектлар лойиҳа-смета ҳужжатларининг сифатли давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун тегишли рухсатномалар Давлат хизматлари марказлари орқали қонунчиликда белгиланган муддатларда берилишини таъминлайди.

“Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Дастур доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ишлаб чиқариш корхоналарини табиий газ ва электр узатиш тармоқларига ўз вақтида уланишини ҳамда уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, табиий газ ва электр энергияси ўрнатилган тартибда етказиб берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурини шакллантиришда ушбу қарорда назарда тутилган марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида” 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сон қарорига мувофиқ, жамғарма кузатув кенгашининг ижобий қарорига асосан белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.

Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз шаҳри ҳокимликлари ҳар чорак якуни билан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар кесимида Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлиги юзасидан вилоят ва шаҳар фаоллари йиғилишларида муҳокама қиладилар ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борадилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид