Ўзбекистон | 10:59 / 06.02.2019
7362
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон ва Хоразмда 364 километрлик электр узатиш линияси қурилади

Фото: Ўзбекэнерго

Сўнгги йилларда мамлакатда, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шулар қатори энергия самарадорлиги ва аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида ҳам улкан ишлар олиб борилмоқда, деб хабар беради “Ўзбекэнерго” АЖ матбуот хизмати.

Давлат раҳбарининг 2016 йил 2 июндаги қарорига асосан, “Тахиатош ИЭС – “Хоразм” нимстанция – Саримой аҳоли пункти (Хоразм вилояти) 220 кВтли электр узатиш линияси қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 364 км. бўлган 220 кВтли Тахиатош иссиқлик электр станциясидан “Хоразм” нимстанцияси ҳамда Саримой аҳоли яшаш жойигача юқори кучланишли электр узатиш линияси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳада Хоразм вилоятида жойлашган “Хоразм” нимстанциясини кенгайтириш ва қайта қуриш ҳамда нимстанцияда жойлашган қуввати 125 МВА.ли маънавий эскирган иккита автотрансформатор ўрнига қуввати 200 МВА. бўлган замонавий автотрансформаторларга ўзгартириш ва Саримой аҳоли яшаш жойига яқин 220 кВтли қайта улагич пунктини қуриш режалаштирилган. Лойиҳа бўйича 56 ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳа энерготизимнинг Шимолий-Ғарбий ҳудуди ҳамда Хоразм вилояти истеъмолчиларининг электр таъминоти ишончлилигини ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси танқислигини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, магистрал электр тармоқлари фаолиятининг ишончлилигини ошириб, иқтисодиёт соҳалари истеъмолчилари ва аҳолини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлайди ҳамда ускуналарнинг капитал таъмирлаш харажатларини камайтиради.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид