Ўзбекистон | 18:08 / 07.02.2019
8607
2 дақиқада ўқилади

Урганчда онлайн таълим йўлга қўйилади

Фото: Dreamstime

Урганч давлат университетида онлайн масофавий таълимни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Университет Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Олий таълим тизимини модернизация қилиш»​ лойиҳаси доирасида ташкил этилган академик инновация фонди грантлар танловида иштирок этиб, «2019 ─ 2020 йилларда замонавий онлайн ўқув маркази яратиш»​ лойиҳаси билан Жаҳон банкининг 50 минг доллар миқдоридаги грант маблағини қўлга киритди. 

Лойиҳага кўра, ҳозирда олийгоҳда ўқитилаётган фанлар, дастурлар виртуал марказга жойлаштирилади. Талабалар ўзлари истаган дастурни онлайн режимда ўзлаштиришлари мумкин бўлади.

Лойиҳа ижроси масъул котиби Хосият Шихованинг сўзларига кўра, реал аудиторияда ўқитувчи 100-150 нафар талабага маъруза ўқиса, бу усул орқали минглаб одамларга маълумот узатиш мумкин. Тадқиқотларга кўра, битта профессор 250 йил давомида эришиши мумкин бўлган самарага виртуал таълим ёрдамида бир йилда эришиши мумкин.
«Ҳозирда марказни ташкиллаштиришнинг техник ишлари олиб борилмоқда. 2020 йилнинг август ойида марказ ўз фаолиятини барча фанлар йўналишида бошлайди.

Дастлаб ўқитувчиларнинг ўзи маълумотларни базага жойлаштириш, уларни онлайн кўринишга ўтказиш, самарали масофавий таълимни олиб бориш бўйича малакаси оширилади. Хусусан, Швейцариянинг Лозанна политехника ва Испаниянинг Кантабрия университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган»​, —​ дейди у.

Ўқиш давомида онлайн тест ва имтиҳонлар асосида синовдан муваффақиятли ўтганлар сертификатларни қўлга киритади. Сертификатлар йўналиши бўйича тегишли ташкилотлар ва корхонада ишлаш ҳуқуқини беради.

Агар мазкур дастур ўзини оқласа, тўлиқ виртуал ўқитиш тизимига ўтиш масаласини кўриш режалаштирилган.​

Мавзуга оид