14:14 / 09.02.2019
46381

Ишчининг розилигисиз иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкинми?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасидаги умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма равишда розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкинлиги, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун ходимнинг розилигидан қатъий назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши белгиланган қонун талаби кўрсатилган.  Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 15 майда давлат рўйхатидан ўтказилган «Идора ва ташкилотлар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига мувофиқ, ишчининг маошидан унинг розилигисиз бошқа тўловлар учун пул ушлаб қолиш мумкин эмас.

Сирдарё тумани Адлия бўлими бошлиғи Турғун Худойбердиев маълумотига кўра, тумандаги 22-сон МТМ мудири М.Айтураева туман мактабгача таълим бўлими бош ҳисобчиси А.Абдусаломов билан меҳнат қонунчилиги талабларини бузиб, ходимларининг иш ҳақидан турли ушланмалар ушланишига йўл қўйган.

«Сирдарё туман адлия бўлимига Сирдарё шаҳар, Туркистон кўчаси 175-уйда яшовчи фуқаро Одилова Маҳмудадан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда фуқаро М.Одилова Сирдарё туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 22-сон МТМда ошпаз бўлиб ишловчи келини Матлюба Одилованинг мукофот пулини олмаганлигини ҳамда туман МТБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган.

Туман адлия бўлими томонидан ўрганилганда, туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 22-сон мактабгача таълим муассасасида ошпаз бўлиб ишловчи М.Одиловага 2018 йилнинг ноябрь ойи учун иш ҳақи билан биргаликда 22-сон МТМ мудири М.Айтураеванинг 2018 йил 16 ноябрдаги 26-сон «Рағбатлантириш тўғрисида»ги буйруғига асосан 200 минг сўм пул мукофоти билан жами 732 440 сўм пул маблағи берилиши лозим бўлган. 

Лекин М.Айтўраева ва туман мактабгача таълим бўлими бош ҳисобчиси А.Абдусаломов 22-сон МТМ мудири номига умумий ишловчи ходимлар фамилияси кўрсатилган, лекин йили, ойи кўрсатилмаган тилхат орқали М.Одиловадан 20 минг сўмни электр токидан фойдаланганлиги учун деб электр тармоқлари корхонасига, 20 минг 500 сўмни Қизил Ярим Ой жамияти ҳисоб рақамига ўтказиб беришган», — дейилади ахборотда.

Худди шундай, биргина 2018 йил ноябрь ойида 22-сон МТМда ишловчи 16 нафар ишчи-ходимларнинг иш ҳақларидан 210 минг сўмни газдан фойдаланганлиги учун деб туман газ таъминоти корхонасининг, 165 минг сўмни электр токидан фойдаланганлиги учун деб электр тармоқлари корхонасининг, 300 минг сўмни Қизил Ярим Ой жамиятининг ҳисоб-рақамларига ўтказиб берилишига йўл қўйилгани аниқланган. 

«Ўрганиш натижаларига кўра, туман мактабгача таълим бўлими бош ҳисобчиси А.Абдусаломов ва 22-сон МТМ мудираси М.Айтўраеваларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик масаласини кўришлик учун туман бандликка кўмаклашиш марказига таклиф киритилди», — дейилади туман адлия хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Қорқалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги мактаб ўқитувчиларнинг маошидан 500 минг сўмдан ушлаб қолинганини маълум қилганди.

Top