Жаҳон | 00:34 / 12.02.2019
33088
1 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Россиядан бепул 50 минг тонна буғдой беришни сўради 

фото: pixabay.com

Шимолий Корея ҳукумати Россиядан 50 минг тонна буғдой ҳажмида гуманитар ёрдам кўрсатишни илтимос қилди. Россия Федерация кенгашининг халқаро масалалар қўмитаси бошлиғи Константин Косачёвнинг маълум қилишича, Пхеньян ўз илтимосини 2018 йилги табиий офатлар сабабли мамлакатда озиқ-овқат билан боғлиқ мураккаб вазият вужудга келгани билан изоҳлаган.

Сенаторнинг айтишича, айни вақтда Россиянинг тегишли идоралари ушбу масалани кўриб чиқишмоқда. Унинг таъкидлашича, Россия Шимолий Кореяга ёрдам беришни давом эттирмоқда. 

Косачёв Шимолий Кореянинг Россиядаги элчиси билан учрашувда икки давлат ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш учун Шимолий Кореяга солинган санкциялар халақит қилишини таъкидлаб ўтган.

2017 йилда Россияда 135,4 млн тонна ғалла, жумладан 86 млн тонна буғдой ҳосили олинган. 2018 йилда буғдой ҳосили 70 млн тоннага яқинни ташкил қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид