Жаҳон | 10:57 / 15.02.2019
28986
2 дақиқада ўқилади

Украинадаги воқеалар юз бериши мумкин бўлган навбатдаги давлат маълум қилинди 

Фото: Александр Миридонов / «Коммерсантъ»

Ғарб Молдовада навбатдаги “Майдан”ни ташкиллаштириши мумкин. Бундай тахминни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ўз интервьюсида билдирди.

Унинг айтишича, Украинада 5 йил аввал юз берган воқеалар социалистларнинг парламент сайловларида ғалаба қозониши ҳолатида юз бериши мумкин. “АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари Кишинёвда ўнглар ёрдамида Молдова “майдани”ни ташкиллаштиради ва уларни президент импичментига ундайди”, деб айтган Патрушев ва Вашингтон ҳамда Брюссель Молдова ҳукуматига евроатлантик йўналиш тарафдорларини илгари суриш истагини яширмаётганини қўшимча қилган.

Молдовада парламент сайловлари 24 февралга белгиланган. Патрушевнинг айтишича, сўровномаларга кўра президент Игорь Додоннинг социалистлар партияси етакчилик қилмоқда ва “бу вазият рангли инқилоблар йўли билан фуқароларни зиддиятлар ва ихтилофларга етакловчи Ғарбга тўғри келмайди”.

Украинада 2014 йил қишида ҳукуматга қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтган ва улар оқибатида мамлакатда ҳокимият алмашган. Мамлакатнинг собиқ президенти Виктор Янукович ва бир неча вазирлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Ушбу воқеалар энг катта норозилик намойиши Киевдаги “Незалежность” майдонида ўтгани сабабли “Майдан” (Евромайдан) деган ном олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид