Ўзбекистон | 12:26 / 21.02.2019
19767
3 дақиқада ўқилади

ИИВ жиноятчиликни яшириш оммалашгани ҳақидаги мақолага муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ шу йилнинг 19 февраль куни “Ички ишлар ходими дардини тўкиб сочди” сарлавҳаси билан тарқалган мақола юзасидан изоҳ берди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, мақолада жиноятчиликни яшириш оммалашгани ҳақида сўз юритилган. 

“Бу фикр мутлақо нотўғри, чунки айни вақтда ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига ўрнатилган телефонлар компьютерга махсус дастур орқали уланган ва ҳар бир берилган хабар автоматик тарзда рўйхатга қўйилади. Шунинг учун жиноятни яширишнинг умуман имкони йўқ”, - дейилади хабарда.

Яна мақолада жиноятни фош этиш учун ходимларда тажриба, замонавий техникалар, хизмат автотранспорт воситалари етишмаслиги ҳақида гапирилган. 

“Аслида тажрибали ходимлар ички ишлар органларида жуда кўп, жиноятларни фош этишда уларнинг амалий меҳнат фаолияти катта роль ўйнамоқда. Бугунги кунда хорижий ва қўшни давлатлар ички ишлар тизимлари ходимлари билан тажриба алмашиш юзасидан самарали муҳим учрашувлар, семинарлар ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Сўнгги йилларда тизимга республика раҳбарияти томонидан катта эътибор берилиб, ходимлар учун замонавий бинолар қурилди ва фойдаланишга топширилди. Тезкорликни ошириш мақсадида, ташқи хизматлар жаҳон стандартларига жавоб берадиган алоқа воситалари, гумонланувчининг шахсни аниқлаш имкониятини берувчи мобиль қурилмалар билан таъминланди. Ҳамманинг хабари бор, Давлат раҳбарининг ташаббуслари билан республикада хизмат олиб бораётган барча профилактика инспекторлари имтиёзли кредит асосида автомашиналарга эга бўлдилар, ўз хизмат ҳудудларида уларга хизмат уйлари ажратилди. Бошқа йўналишларда хизмат олиб бораётган ходимлар ҳам янги хизмат автомашиналари билан босқичма-босқич таъминланмоқда”, - дея изоҳ берган ИИВ.    

Қайд этилишича, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан жиноятни ҳисобдан яшириш ҳолатларини аниқлаш ва айбдорларга нисбатан кескин кураш олиб борилмоқда.

2018 йилда Андижон вилояти бўйича жиноятни ҳисобдан яширган 3 нафар ходим аниқланиб, жиноий иш қўзғатилган. Улардан бирига нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланган ва қолган 2 нафарига нисбатан тўпланган ҳужжатлар судда кўриб чиқилмоқда. 

“Келгусида ҳам жиноятни ҳисобдан яширган ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан кескин чоралар кўриш ишлари тизимли давом эттирилади”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид