Ўзбекистон | 18:29 / 21.02.2019
32763
14 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Ёджу Техника институти ҳақидаги иддаолар қанчалик ҳақиқат?

Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга сифатли олий таълим бериш имкониятларини кенгайтириш, бу борада рақобатни кучайтириш мақсадида йирик хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилмоқда. Россия, Буюк Британия, Италия, Сингапур каби давлатларнинг олий таълим муассасалари ўз шохобчаларини очгани кўпчиликка маълум.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ўзбекистонга малакали кадрларни тайёрлаб бериш борасида саъй-ҳаракат қилаётган хорижий институт-университетлар орасида Жанубий Корея олий таълим муассасалари сони салмоқли. 2018 йил 15 октябрида расман фаолиятини бошлаган Тошкент шаҳридаги Ёджу Техника институти шулар жумласидан.

Шартнома асосида қабул қилинган талаба бир йилда тегишли таълим йўналиши бўйича 16 млн сўмдан 24 млн сўмгача тўловни амалга ошириб, архитектура ва шаҳарсозлик, туризм, қурилиш, муқобил энергия ва бизнесни бошқариш йўналишларида Корея ва халқаро таълим стандартлари бўйича олий маълумотли мутахассис бўлиб етишади.

Бироқ, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари Ёджу Техника институтидаги таълим жараёнини гўёки талабадан келган мурожаатга асосланиб танқид қилмоқда. Гарчи, мақолада мурожаатчи келтирган важлар санаб ўтилгач, Институт томонидан тақдим этилган изоҳлар берилган бўлса-да, далилларни текшириш тўлақонли амалга оширилмаган ҳамда мақола кўпроқ мурожаатчининг эътирозлари ҳақли, деган мазмундаги сарлавҳа билан ўқувчи эътиборига ҳавола этилган.  

Хўш, талабанинг эътирозлари нималардан иборат эди?

- Институт биносига бўлган эътироз. Унга кўра, бино тўлиқ битмаган.

- Дарсликлар хусусида – ҳамон электрон вариант ва китобларнинг нусхаларидан фойдаланилмоқда. Ахборот-ресурс маркази фаолиятидан қониқмаслик.

- Кредит таълим тизими бўйича. Талаба фикрича, бу тизим Ўзбекистонга тўғри келмайди, дарс вақтининг 50 дақиқа бўлиши етарли эмас. Назорат, таълим сифати, устозлар таркибига эътирозлар.

- Кореяда олий таълимни давом эттириш хусусидаги даъволар. Қолаверса, қўшимча таълимлар пуллик эканлиги. 

- Имтиҳонни топшира олмаган талабанинг қўшимча пул тўлаши – коррупцияга йўл очиш, деган фикр асносида устоз билан келишиб бўлмаслигининг эътирофи.

Юқорида санаб ўтганларимиз, талабанинг кўплаб эътирозларининг умумлашмасидир.

Kun.uz тасвирга олиш гуруҳи мақолада ёритилган эътирозлар ҳақиқатга қанчалик мос келади, кредит таълим тизими нима, у талабаларга нима беради ҳамда бошқа қатор саволларга жавоб олиш мақсадида айни институтга ташриф буюрди. Таъкидлаш керак, бу лавҳа тайёрлашдан институтдаги таълим жараёнларини эмас, балки айнан хориж ОАВда чиққан мақоладаги фактларни текшириш мақсад қилинди.

Даставвал YTIT биноси хусусида. Бу олий таълим масканининг биноси, уларнинг тузилмаси, аудиториялар замонавий услубда барпо қилинган. 6 қаватли бинонинг 3 қаватидаги хоналар талабалар, устозлар ва маъмурият ихтиёрида. Қолган 3 қаватга эҳтиёж бўлмагани сабабли, ҳозирча фойдаланилмаяпти. 

Йўлаклар кенг, ҳар бир талабага, хориж стандартига мувофиқ, шахсий шкаф бириктирилган. Бинонинг ертўласида ошхона, бундан ташқари, талабаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун шарт-шароит барпо қилинган.

Кузатув камералари хоналар, йўлакларни тўлиқ назорат қилади. Таълим жараёни Ёджу Технологиялар институтининг ушбу таълим даргоҳидаги уч нафар профессор-консультантлари томонидан мунтазам кузатиб борилади.  

Хоналарнинг сиғими ҳақида гапирадиган бўлсак, кичик гуруҳлар ва маърузалар ўтишга мўлжалланган заллар мавжуд. Бино қурилишида замонавий архитектура ва дизайндан хабари бор кишига таниш бўлган loft услуби кенг қўлланилган. Хоналарда табиий ёруғлик тушишини таъминлаш, натижада бинонинг экология муҳофазасига ҳиссасини ошириш мақсадида йирик ромлар ўрнатилган. Институтда 2та ахборот-ресурс маркази мавжуд бўлиб, ўқиш учун барча шароит муҳайё. Талабалар учун 2 қаватда махсус компьютер хоналари ҳам ташкил этилган.

Биз ташриф буюрган кунда институтда биринчи семестр якунлари бўйича синовлар ўтказилаётган эди. Имтиҳонлар адолатли ва шаффоф тарзда ўтаётганига гувоҳ бўлдик. Талабалар эса, эътирозлари йўқлигини таъкидлашди. Семестр якунлари бўйича синовлар фанлар кесимида барча талабалар учун бир вақтда ташкил этилди.

Имтиҳон жараёнини кузатиш мақсадида Ж.Кореядан қўшимча профессор-ўқитувчилар, кузатувчилар келишгани ҳам маълум бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, уларга юқоридаги эътирозларга жавоб бўладиган саволлар билан мурожаатлар қилдик.   

Ўзбекистонга хуш келибсиз! Кореядаги Ёджу Техника институтида ўқув жараёни қандай ташкил этилган? Институтнинг Тошкентдаги филиали билан айни дейиш мумкинми?

«Жанубий Кореядаги Ёджу институти пойтахт Сеул атрофидаги, Кёнги-до шаҳарчасида жойлашган. Унда жами 6500 талаба таҳсил олади. Институт 24та факультетдан иборат. Институтдаги таълимнинг ўзига хослиги шундаки, талабалар амалиётга, яъни битиргандан кейин ишлаб чиқариш жараёнига шай кадр бўлиб тайёрланишади.

Сизнинг саволингизга келсак. Аслида мақсад ҳам, Корея ва Ўзбекистондаги институтлардаги таълимни бир хил ташкил этишдир. Бироқ, айрим стандартлар мос келмаётган жиҳатлар мавжуд. Бу борада ўрганишлар олиб бориляпти. Бу ерда ҳам битирувчиларнинг тайёр кадрлар бўлиб етишишларига эътибор берилмоқда. Улар амалиётга шай ҳолда бўлишади», - деди Choi Jong Chul.

YTIT ташкил этилганида 2+2 дастури бўйича, яъни 2 йил Тошкентда, 2 йил Жанубий Кореяда таълим берилади, деган сўзлар янграган экан. Бу қандай ташкил этилади ва ҳақиқатда талабаларни хорижда ўқитиш режада борми?

«Тўғри, 2+2, яъни 2 йил Тошкентда, 2 йил Кореядаги институтда таълим олиш имконияти тақдим этилиши ҳақида сўз борган. Бу асосий дастур ҳисобланади. Бундан ташқари, 3+1, 1+3 каби дастурлар ҳам мавжуд. Айни чоғда биз 1+3 йўналишини ҳам жиддий ўрганиб чиқяпмиз. Бироқ бу дастурлар бўйича таълим бериш, айрим шартларга боғлиқ.

Choi Jong Chul

Шартлар нималардан иборат? Биринчи навбатда бу ердан борадиган талабалар корейс тилини мукаммал билишлари керак. Чунки, Кореяга боргач, уларга тил ўргатилмайди, балки техник дарслар ўтила бошланади. Буни ўзлаштира олишлари керак.

Иккинчидан, Кореядаги таълим нархи Ўзбекистондаги шартнома тўловидан кескин фарқ қилади. Шу билан бирга, талабанинг билими, иқтидоридан келиб чиққан ҳолда, уни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласида қанчалик ёрдам бера оламиз, неча фоизига таълим гранти ёки чегирма тақдим этилади. Буларни ҳам ўрганиб чиқиш керак бўлади.

Яна бир бор эслатиб ўтаман, Ўзбекистон ва Кореядаги таълим қонунчилигидаги мувофиқлик ҳам муҳим ўрин тутади. Ўзаро мутаносибликни таъминлаб олиш мақсадида даставвал 2+2 дастури ҳақида сўз борган. Аслида 1+3, 3+1 шаклларида ҳам таълим олиш имконияти мавжуд», - деди Choi Jong Chul.  

Кореялик устоз институтни кенгайтириш борасидаги режаларни ҳам билдирар экан, хорижий давлатларда бўлгани каби кэмпуслар барпо этилишига ойдинлик киритди. 

«Албатта, институтни кенгайтириш режаларимизда ҳам бор. Мақсадимиз ҳам шу. Биз бу ерга амалиёт ўташ учун келганимиз йўқ. Йўналишларнинг 5та экани ҳам вақтинча. Негаки, Ўзбекистон ривожлангани сари техника мутахассисларига бўлган кадрларга талаб ошади. Бу, ўз навбатида, техника йўналишида таълим берувчи олийгоҳларга бўлган талабни кучайтиради. Шу боис, биз ҳам таълим йўналишларини кенгайтирамиз ва бу зарур ҳам», - дея қайд этди Корея институти вакили.

Кореялик мутахассис семестр якунидаги синовлардан ўта олмаган талабалар маълум бир миқдорда пул тўлаб, имтиҳонни қайта топширишларига тўғри келади, деган эътирозга қуйидагича фикр билдирди.   

«Йўқ, бундай эмас. Бу ҳақда нотўғри ахборот тарқалган. Фақат бир нарсани айтишим мумкин, таълим жараёни қийин ва мураккаб бўлгани учун айрим талабалар синовдан ўта олишмайди. Аммо, уларга 3 карра қайта имконият тақдим этилади. Бунинг учун пул тўланиши эса, нотўғри. Бундай тизим Кореяда ҳам, Ўзбекистонда ҳам йўқ», - деди Choi Jong Chul.

Ёджу Технологиялар институти профессори, муқобил энергетика фани мутахассиси Kim Tae Hyung эса, Тошкентдаги Ёджу Техника институтида нима учун муқобил энергетика йўналиши очилгани, институтда таълим сифатига доир эътирозларга ўз муносабатини билдирди.

Kim Tae Hyung

«Биринчидан, Ўзбекистон қуёш энергиясига жуда бой мамлакатлардан бири. Келгусида қуёш энергиясидан саноат даражасида фойдаланиш имкониятлари кенгайиши боис, Ёджу Техника институтида шу йўналишдан таълим бериш белгиланди. Энергетика фан ўлароқ, қанчалик муҳим бўлса, муқобил энергетика унинг ажралмас ва муҳим қисми ҳисобланади», - деди кореялик профессор.

Хориж ОАВлардан бирида YTIT’даги таълим тизими ҳақида талабалардан бирига асосланган ҳолда танқидий мақола эълон қилинди. Институтда камчилик ва нуқсонларни кузатдингизми?

«Тошкентдаги Ёджу Техника институти ташкил этилганига эндигина 6 ой бўлди. Ҳар бир янги ишда камчилик бўлганидек, бу таълим даргоҳи ҳам камчиликлардан холи эмас. Лекин бу ташвишланарли эмас, балки йўл-йўлакай ҳал этиш мумкин бўлган ишлардир. Биринчи семестр энди якунланмоқда. Иккинчи семестр якунида бу камчиликлар бартараф этилган бўлади. Умуман олганда институт яхши натижа кўрсатмоқда ва бизнинг талабларимизга жавоб бермоқда», - дея таъкидлади профессор Kim Tae Hyung.

Биз талаба томонидан билдирилган эътирозларнинг айримлари хусусида YTIT ўқув ишлари бўйича проректори Жонпўлат Кудайбергеновга мурожаат қилдик.

Жонпўлат Кудайбергенов

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда янги замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда олий таълим беришга катта эътибор берилмоқда. Тошкентдаги Ёджу Техника институти эса, ривожланган давлатларда яхши самара бериб келаётган кредит тизимида дарсларни ташкил этган илк олий таълим даргоҳидир. Кўпчиликка янги тушунча бўлган кредит тизими хусусида маълумотлар берсангиз?

«Тўғри айтдингиз, Ўзбекистон олий таълим тизимига кредит тизими энди кириб келяпти. Лекин, жаҳон амалиёти, айниқса, ЕИ мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа ривожланган давлатларда анчадан бери бор. Ўзимиз ҳам «Умид» жамғармаси орқали Англияда кредит тизимида таҳсил олиб келганмиз. Унинг афзалликлари кўп.

Шулардан бири, талаба тўлаган контракт суммаси эвазига баъзи бир мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади. Мажбуриятлар нималардан иборат бўлади? Семестр якунига биноан, ҳар бир модул, яъни фандан семестр мобайнида маълум бир кўникмага эга бўлиш шартлигидир.

Кредит тизимида контракт суммаси ҳар бир фанга алоҳида ҳисобланади. Бунда талабанинг ўша белгиланган фан бўйича қарзи борлигини билдиради. Бу қарзни ёпиш эса, талабанинг семестр давомида мустақил равишда ўқиб-ўрганиб, семестр якунида мустақил ишлар, ёки имтиҳонлардан ўтиш орқали, mid-term – оралиқ имтиҳонларида эса, ўз билимини намойиш қилиб, исботласа қарзини ёпган бўлади. Бу, ўз навбатида, талабани мустақил ўқиб-ўрганишга рағбатлантиради.

Талаба маълум бир фанни яхши ўзлаштиролмаса, у фанни кейинги курсда қайтадан ўқиши ҳамда мумкин бўлган минимал баллни олиши зарур бўлади. Унинг қайтадан ўқиши учун устозлар жалб этилади. Институтнинг бошқа харажатлари ҳам қўшилади. Шу боис, бирор фандан яхши ўзлаштиролмаган талаба ўша фан учун қайта пул тўлаб, ўқишга, сўнгра қайта имтиҳон топшириши шарт бўлади», - деди YTIT ўқув ишлари бўйича проректори.   

Институт таълим жараёнида инновацион технологиялардан нақадар фойдаланилмоқда, электрон китоблар хусусида изоҳларингиз қандай?

«Охирги вақтларда ахборот-коммуникация технологиялари ривожланмоқда. Ўқувчи талабалар ихтиёрида смартфонлар, планшетлар мавжуд. Бу ўз-ўзидан электрон китобларга бўлган талабни кучайтирмоқда. Сабаби электрон китоблар ҳам арзон, ҳам фойдаланиш учун қулай. Жаҳондаги йирик кутубхоналар, хусусан, British Library’да ҳам нашр қилинган кўринишдаги китоблардан электрон намунадаги китобларга ўтиш тенденцияси кузатилмоқда. Шу боис биз ҳам, таълим даргоҳида нафақат китоблар, балки уларнинг электрон кўринишларини, турли дарслик ва қўлланмаларга обуна бўлиш амалиётини ташкил этганмиз», - дейди проректор Жонпўлат Кудайберганов.

Олийгоҳ талабаси томонидан билдирилган эътирозда хорижлик мураббийлар сони камлиги айтилади. Ўқув ишлари бўйича проректорнинг айтишича, бугунги кунда 70 нафар профессор-ўқитувчилар талабаларга дарс берса, шундан 12 ўқитувчи Корея республикасидан. Аммо, қолган маҳаллий ўқитувчиларнинг 80 фоизга яқини хорижий, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, ЕИ, Корея каби давлатларнинг нуфузли университет-институтларида таҳсил олган мутахассислардир.

Унинг билдиришича, институт томонидан иқтидорли талабаларни рағбатлантириш, уларга таълим грантлари тақдим этиш каби ишларда Ўзбекистондаги Корея компаниялари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундан ташқари, талабалар институтни битирганидан кейин уларни ишга жойлаштириш борасида ҳам амалий ҳаракатлар кўрилади, шу ернинг ўзида турли компаниялар томонидан меҳнат ярмаркалари ташкил этилади. Талаба амалиётга шай мутахассис сифатида олийгоҳни битиради.

Хуллас, минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган яхши, дейишади. Шундай экан, келинг, кўринг ва хулоса қилинг.

P.S.: Тўғрисини айтаман, мен ва операторимиз ушбу институтда яратилган шароитларни кўриб, талабаликни орзу қилдик. Бундай имкониятларга эга талаба ёшлар фақат ўқиши, ўз устида ишлаши, тер тўкиши, мамлакатимиз меҳнат бозорига етук мутахасссис бўлиб кириб келиши лозим бўлади. Талабалар орасидаги дўстона муҳит эса ҳавасимизни келтирди.

Манзил: Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани,

                Усмон Носир кўчаси, 156 уй.

Мурожаат учун телефон: +998 78 129 40 40

Электрон манзил: info@ytit.uz

Университетнинг ижтимоий тармоқлардаги манзиллари:

Instagram: www.instagram.com/ytit.uz

Facebook: facebook.com/ytit.uz

Telegram: t.me/yodju

Веб-саҳифа: www.ytit.uz

Мавзуга оид