2018 йил 24 июлда Тошкент шаҳридаги Ёджу Техника институти Ўзбекистон Республикасида олий таълим беришни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи давлат лицензиясини олди ҳамда республикадаги илк хусусий олий таълим маскани сифатида қайд этилди. 

Институтнинг таълим дастурлари жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда Кореядаги фан ва технологиялар ютуқлари инобатга олинган ҳолда тайёрланган. Олий таълим масканида назарий билимлар чуқур ўргатилиши қаторида талабаларнинг амалий кўникмаларини ҳам ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилади. Бундан ташқари, талабаларда танқидий-таҳлилий фикрлаш қобилияти мустаҳкамланади. 

Институтда қуйидаги йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш амалга оширилади:
- Архитектура ва шаҳарсозлик;
- Фуқаролик қурилиши;
- Муқобил энергия;
- Бизнесни бошқариш;
- Туризм;
- Халқаро иқтисодий муносабатлар;
- Халқаро маркетинг;
- Бошланғич таълим;
- Мактабгача таълим;
- Корейс тили филологияси; 
- Гўзаллик эстетикаси ва либослар дизайни.

Институт ташкил этилганлигининг 1 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари, республикадаги халқаро ташкилотлар вакиллари, Корея Республикасидаги Ёджу Технология институти раҳбарияти ва профессорлари, ОАВ вакиллари, талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. 

Байрамона кайфиятда бўлиб ўтган тадбир Тошкент шаҳридаги Ёджу Техника институтининг бош ўқув биносида ташкил этилди. Унда институт раҳбарияти ва ҳамкорлари ўз тилакларини изҳор қилишди, куй-қўшиқлар янгради.