Ўзбекистон | 16:05 / 26.02.2019
37063
2 дақиқада ўқилади

ФВВ Андижондаги портлаш бўйича расмий маълумот берди

Фото: KUN.UZ

ФВВ Андижондаги портлаш юзасидан расмий маълумот берди. Билдирилишича, 26 февраль куни тахминан 10:30да шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникасининг иситиш қозонхонасида қозон портлаган

Бирламчи маълумотларга кўра, мазкур ҳолатнинг келиб чиқишига, иситиш қозонининг носозлиги сабаб бўлган.

Авария натижасида, воқеа жойидан узоқ бўлмаган, флюорография хонасида навбатдаги тиббий кўрикдан ўтаётган Андижон шаҳри 4-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчилари жабрланган. 

Аниқланишича, 9-синфнинг 18 нафар ўқувчиси ва уларни кузатиб борган 4 нафар ўқитувчи енгил жароҳат олган, уларнинг аҳволи қониқарли. Шунингдек, ўрта даражадаги жароҳатланган икки нафар ўқувчиларга тезкор ёрдам кўрсатилган. Уларнинг ҳам саломатлиги қониқарли даражада, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан, содир бўлган вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда «Ўзтрансгаз» мутахассислари таркибидан иборат комиссия тузилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид