Ўзбекистон | 11:33 / 26.02.2019
6802
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат туризм соҳасига алоқадор янги қарор қабул қилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака тоифасини жорий этиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака сертификатларини бериш тўғрисидаги Низом” тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда туризм хизматлари соҳасида кадрлар тайёрлаш учун мутахассисликлар рўйхатини кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш бўйича олий ва ўрта махсус таълим тизими ўқув режаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Низомга кўра, малака сертификати жисмоний шахсга қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини беради:

юридик шахс штатида бўлса;

фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида юридик шахс билан ишлаётган бўлса;

якка тартибдаги тадбиркор бўлса.

Малака сертификати талабгорга малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан берилади.

Малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи хизматларини амалга оширмоқчи бўлган талабгорларнинг билим ва кўникмаларини текшириш воситаси ҳисобланади.

Мазкур Низомда белгиланган малакавий талабларга жавоб берадиган талабгорларга малака имтиҳонни топширишларига рухсат этилади.

Малака сертификатини бериш (расмийлаштириш), амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ҳамда дубликат бериш бўйича мазкур Низомда белгиланган миқдорда талабгордан йиғим ундирилади.

Малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш Қўмита қошидаги «Туризм ўқув-консалтинг маркази» Давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.

Олий таълим муассасалари қошидаги давлат унитар корхоналари, лицензия асосида фаолият юритувчи нодавлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлашлари ва малакаларини ошириши ҳамда қайта тайёрлаш тўғрисидаги гувоҳнома ва малака ошириш тўғрисидаги сертификатни беришлари мумкин. Бунда:

гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурлари бир ҳафта муддатда ўрнатилган тартибда Ишчи орган билан келишилади ва Қўмита раиси томонидан тасдиқланади;

гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш билан шуғулланувчи Ўқув марказлари профессор-ўқитувчилар ва мураббийларининг касб ҳамда малака даражалари ўрнатилган тартибда Ишчи орган билан келишилади.

Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи Қўмита томонидан тасдиқланадиган 72 соат ҳажмдан кам бўлмаган малака ошириш дастурлари бўйича ҳар уч йилда малака ошириш курсларини ўтиши шарт.

Малака имтиҳонини топшириш учун талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлиши;

б) Олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар маълумоти ҳақидаги дипломга эга бўлиши;

в) Ишчи орган ёки унинг филиаллари ва Ўқув марказларида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши.

Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи мутахассислиги бўйича олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломига эга бўлганлар олий тоифа олиш учун малака имтиҳонларида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака тоифалари берилади.

Талабгор малака имтиҳонини топшириш учун Ишчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза;

б) олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумоти ҳақидаги диплом ёҳуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) гувоҳномасининг нусхаси;

в) икки дона фотосурат (3х4 ҳажмда);

г) гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги амалдаги гувоҳнома ҳамда малака ошириш сертификати нусхалари;

д) малака сертификатини олиш (расмийлаштириш) учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдоридаги йиғимни амалга оширганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати;

е) паспорт нусхаси;

ж) 086 шаклидаги тиббий маълумотнома (йўриқчи-кузатувчи учун);

з) мавжуд ҳолларда тегишли идоралар томонидан берилган спорт бўйича эришган ютуқлари ва разрядларини тасдиқловчи ҳужжатлар (йўриқчи-кузатувчи учун).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид