Ўзбекистон | 12:10 / 28.02.2019
24987
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар сунъий экстракорпорал уруғлантириш масаласида қарор қилди

28 февраль куни ўз ишини бошлаган Сенатнинг ялпи мажлис йиғилишида «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунини маъқулланди.

Ялпи мажлисда иштирок этаётган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилашнинг асосий ғояси эркаклар ва аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг билдиришича, охирги йилларда ажралишларнинг 4,7 фоизи жуфтликлар бепуштлиги оқибатида рўй берган. 

Ўзбекистонда ўтказилган турли тадқиқотлар натижаларига кўра, бирламчи бепуштликка чалинган аёллар барча турмуш қурганларнинг умумий сонига нисбатан 4,9 фоиздан 5,3 фоизгача ташкил этади. Бу рақамлар Ўзбекистонда оилаларни сақлаш мақсадида ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этишнинг муҳимлиги ва зарурлигини яққол кўрсатади.

Қонунда ЭКО, яъни сунъий экстракорпорал уруғлантириш масаласига алоҳида урғу берилган. Сенат йиғилишида маъруза қилган сенаторнинг айтишича, ЭКО фақат расмий никоҳда яшаётган эр-хотин учун рухсат берилиши назарда тутилмоқда.

Маълум қилинишича, юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт, деб белгилаб қўйилмоқда

«Фуқаролар ўз репродуктив саломатлигини сақлашда ўзининг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш, туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ва контрацепциядан фойдаланиш, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш каби қатор ҳуқуқларга эга.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт деб белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Қонунда аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва она бўлиш ҳуқуқи, эркакларнинг ҳамда вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масалалари батафсил очиб берилган», - дейди сенатор Зайниддин Низомхўжаев.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Мавзуга оид